Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “Айбингни топмасдан қўйиб юбормайдиган Хоразм ГАИси” номи остида тарқатилган видеолавҳа юзасидан
2020 йил 30 август куни You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “Айбингни топмасдан қўйиб юбормайдиган Хоразм ГАИси” номи остида тарқатилган видеолавҳада қайд этилган вазият Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида бўлиб ўтганлиги сабабли, ҳолат Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагиларга аниқлик киритилди.
2020 йил 15 август куни ҳайдовчи, Ж.Абдуллаев бошқарувидаги “Дамас” русумли 90 Т 771 СА давлат рақам белгили автомашина, Хива шаҳрининг Амир Темур кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан хужжатлари текшириб кўришлик учун тўхтатилган. Автомашина тўхтагач ЙПХ инспектори ушбу автомашинанинг техник тавсифномасида назарда тутилмаган шина ва диск ўзбошимчалик билан ўрнатилганлигини аниқлайди. Автомашинага ностандарт шина ва дикслар ўрнатилганлиги визуал кузатув тартибида аниқланадиган қоидабузарликлар туркумига киради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларнинг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ва махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 8 бандида “Қоидалар бузилиши визуал кузатув ёки махсус мослама ёрдамида қайд қилинганда, ЙПХ ходими ҳайдовчига дастлаб айнан содир этган қоидалар бузилишини тушунтириб, шундан сўнг ҳужжатларни текшириб, тегишли чоралар кўради” деб қайд этилган бўлиб, ЙПХ инспектори ҳам ҳайдовчига қоидабузарлиги визуал кузатув натижасида аниқланганлиги тушунтириб, маъмурий баённома расмийлаштирган.
Юқоридагиларни келиб чиққан ҳолда, ЙПХ инспекторининг ушбу ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштириш ва мазкур кодексининг 291-моддасига асосан ҳуқуқбузарлик бартараф этилгунга қадар транспорт воситасини ушлаб туриш учун жарима майдончасига жойлаштириш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларида хизмат интизоми ва қонунчиликни бузиш ҳолатлари аниқланмади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати