Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “ГАИ билан сола сол....” номи остида тарқалган видеолавҳа юзасидан
2021 йил 15 август куни You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “ГАИ билан сола сол. Рангинга урай деган ким ўзи... Навбатдаги жанжал” номи остида тарқалган видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва дастлабки ўрганиш жараёнида қуйидагиларга аниқлик киритилди:
2021 йил 13 август куни Урганч шаҳрида махсус тадбир доирасида ўз хизмат вазифасини бажараётган Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ катта инспектори сафдор У.Абдиев, Урганч шаҳрининг А.Баҳодирхон кўчасида чорраҳани кесиб ўтишда “Йўл ҳаракати қоидаси”нинг 103 банди (Светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнганда ҳайдовчи чорраҳа орқали ҳаракатланишни тугаллаётган транспорт воситаларига йўл бериши шарт) талабларини қўпол равишда бузиб ҳаракатланиб келган, 1994 йилда туғилган, С.М. бошқарувидаги “Matiz” русумли автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчига қоидабузарлигини тушунтириб, ҳужжатларини тақдим этишни сўраганида ҳайдовчи ҳам ўз навбатида ЙПХ инспекторидан дислокациясини кўрсатишни сўрайди. ЙПХ инспектори махсус тадбирда иштирок этаётганлигини, шу боис дислокация берилмаганлигини, аммо қонуний асосда хизмат олиб бораётганлигини ЙҲХБ ахборот-диспетцерлик хизмати (АДХ) орқали билиб олиши мумкинлигини маълум қилиб, АДХ хизмат телефон рақамини айтган.
Шундай бўлсада, ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажаришдан асоссиз равишда қасддан бош тортиб, ҳужжатларини тақдим этмайди.
Шу жойда хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори сафдор Ё.Комилов ҳам ўз навбатида ҳайдовчига ҳужжатларни тақдим қилиши лозимлигини айтиб ўтади. Шунда ҳайдовчи вазиятни чигаллаштириш ва шу орқали қоидабузарлиги учун кўзда тутилган жавобгарликдан қутилиб қолишни кўзлаган ҳолда Ё.Комиловнинг ёнига бориб, носамимий муносабатда бўлганлигини рўкач қилиб, низоли холатни юзага келтиришга уринган.
Шундай бўлсада, ЙПХ инспекторлари ўз хизмат вазифаларини белгиланган тартибда олиб бориб, ҳайдовчига нисбатан содир этган қоидабузарлиги юзасидан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирганлар.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур холатда ЙПХ инспекторлари томонидан хизмат интизоми бузилмаган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати