Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “Хоразмда ГАИ билан тортишув” номи остида тарқатилган видеолавҳа юзасидан
2020 йил 11 июль куни You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “Хоразмда ГАИ билан тортишув” номи остида тарқатилган видеолавҳада қайд этилган вазият Хоразм вилоятининг Гурлан туманида бўлиб ўтганлиги сабабли, ҳолат Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагиларга аниқлик киритилди.
2020 йил 27 июнь куни Хоразм вилояти Гурлан тумани маркази Мустақиллик ва П.Махмуд кўчалари кесишмасида белгиланган тартибдаги тақсимот асосида хизматга жалб қилинган, вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори кичик сержант Д.Рахманов ва юқоридаги чорраҳада йўл ҳаракатини қоидаларини бузган ҳолда ҳаракатланиб келган “Дамас” русумли 90 V 819 HA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси, Гурлан туманида яшовчи, фуқаро Б.Ерметов ўртасидаги мулоқот жараёни, ҳайдовчи томонидан уяли телефон орқали видеотасвирга олиниб, норозилигини намоён этиш мақсадида ижтимоий тармоққа жойлаштирилган.
Видеолавҳада, ҳайдовчининг талаби бўйича ЙПХ инспектори томонидан унга дислокация кўчирмаси (!) кўрсатилган бўлсада, ҳайдовчи буни дислокация деб тан олмаслигини билдириб, ЙПХ инспекторига асоссиз равишда эътироз билдирган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли Қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 9-бандида “Транспорт воситаси тўхтатилганида ҳайдовчи ЙПХ ходими айнан тўхтатилган ҳудудда дислокацияга асосан хизмат ўтаётганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги тасдиқланган дислокациянинг КЎЧИРМАСИ билан шу жойнинг ўзида танишиши мумкинлиги, ЙПХ ходимининг дислокацияси ушбу ходим хизмат олиб бораётган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғида сақланишини ва ҳайдовчининг мурожаатига биноан ўн беш кун ичида ёзма равишда маълумот берилиши таъкидлаб ўтилган. Шундай экан, ҳайдовчининг ЙПХ инспекторидан хизмат олиб бораётган жойнинг ўзида дислокациянинг асл нусхасини кўрсатишни талаб этиши асоссиздир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ЙПХ инспектори кичик сержант Д.Рахманов мазкур ҳолатда ҳайдовчи Б.Ерметовнинг йўл ҳаракатини қоидасини бузганлиги билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатини расмийлаштиришда хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя қилиш билан биргаликда ўзининг юксак муомала маданиятини ҳам намоён этган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати