Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “Хоразмда ГАИ билан тортишув. Ременга ёзилди...” номи остида тарқатилган видеолавҳа юзасидан
2020 йил 7 июль куни You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “Хоразмда ГАИ билан тортишув. Ременга ёзилди...” номи остида тарқатилган видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганида қуйидагилар маълум бўлди:
Видеолавҳада жорий йилнинг 2 июль куни Хива шаҳрида ўз хизмат вазифасини олиб борган вилоят ИИБ ЙҲХБ Йўл-патруль хизмати инспектори сафдор Ж.Яқубов ва “Лада” русумли 90 М 971 GA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси Б.Палванов ўртасидаги мулоқот жараёни акс этган.
Видеолавҳада ҳайдовчи Б.Палванов хавфсизлик камарини тақмасдан транспорт воситасини бошқариб келаётганлиги ҳамда чорраҳани кесиб ўтиш қоидаларига риоя қилмаганлиги учун ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилиб, қоидабузарликлари тушунтирилиб маъмурий баённома расмийлаштирилиши айтилганида, ҳайдовчи Б.Палванов маъмурий жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида бошқа ҳайдовчилар ҳам хавфсизлик камарини тақмасдан транспорт воситасини бошқариб келаётганлиги рўкач қилиб, тегишли хужжатларини ЙПХ инспекторига тақдим қилмасликка ҳаракат қилган.
ЙПХ инспектори мазкур ҳолатда ҳайдовчи билан мулоқот жараёнида ўрнатилган меъёр талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, ҳар бир ҳайдовчига алоҳида-алоҳида ва кетма-кетликда чора кўрилишини тушунтириб, ҳайдовчи Б.Палвановга нисбатан транспорт воситасини бошқариш пайтида хавфсизлик камарини тақмаганлиги ва чорраҳани кесиб ўтиш қоидаларига риоя қилмаганлиги юзасидан асосли равишда маъмурий баённома расмийлаштирган.
Шу ўринда ҳайдовчи ва йўловчиларга транспорт воситасини бошқариш пайтида хавфсизлик камарини тақиш, юз бериши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисалари пайтида фақат ўзларининг ҳаёти ва соғлигини сақлаш учун хизмат қилишини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати