15 Феврал 2021 йил 672

Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги каналда “Хоразм ГАИлар билан жанжал, ЙПХ ходимлари тўғри иш қилишдими?” номли сарлавҳа остида намойиш этилган видеолавҳа юзасидан

2021 йил 12 февраль куни  You Tube видеохостингидаги каналда “Хоразм ГАИлар билан жанжал, ЙПХ ходимлари тўғри иш қилишдими?” номли сарлавҳа остида намойиш этилган видеолавҳа тааллуқлиги жиҳатидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилиб, иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун хизматга оид суриштирув бошланди.

Суриштирувнинг дастлабки босқичида қуйидагиларга аниқлик киритилди:

Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ шахсий таркиби томонидан вилоят ҳудудида йўл ҳаракатини намунали тарзда ташкил этиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган манзилли ва мақсадли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Автомобиль транспортида юк ташиш билан боғлиқ қоидабузарликларни аниқланган бўйича ўтказилаётган рейд тадбирлари ҳам айнан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилгандир.

Жумладан, ижтимоий тармоққа жойлаштирилган видеолавҳада 2021 йил 7 февраль куни Ҳазорасп тумани Ғ.Ғулом кўчасида юк ташиш қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатланиб келаётган ГАЗ-31029 русумли автомашина шу ерда хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилиб, қоидабузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштириш мақсадида ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларни тақдим этиш сўралганида, қурилиш моллари бозорида юк ташиш билан шуғулланувчи бошқа ҳайдовчилар ушбу жараёнга асоссиз аралашиб, ЙПХ инспекторининг ўз хизмат бурчини бажаришига қаршилик кўрсатиб,  инспекторнинг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка ГАЗ-31029 русумли автомашина ҳайдовчисини омма олдида очиқдан-очиқ даъват қилишган.

Бугунги кунда мазкур жараёнга алоқадор барча фуқароларнинг шахси тўлиқ аниқланган ва ҳолат юзасидан олиб борилаётган суриштирув жараёнида уларнинг ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Қабул қилинган якуний қарор бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech