Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Negativ” каналида эълон қилинган собиқ профилактика инспектори Ж.Тожиевнинг видеомурожаати юзасидан
Жорий йилнинг 15 декабрь куни You Tube видеохостингидаги “Negativ” каналида Хоразм вилояти ички ишлар органларининг собиқ профилактика инспектори Журъат Тожиевнинг видеомурожаати эълон қилинган.
Собиқ ходим Журъат Тожиев ўзининг ушбу видеомурожаатида Канадада яшовчи Исмат Хушевнинг сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар юзасидан билдирган фикрига қўшилмаслигини, аксинча инкор қилишини баён қилган.
Ж.Тожиев 2012 йилнинг февраль ойидан 2017 йилнинг октябрь ойига қадар ички ишлар органларида профилактика инспектори лавозимида хизмат қилган бўлиб, ўзининг салбий ҳислатларига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилгач, шахсий илтимосига биноан ички ишлар органлари хизматидан бўшатилган.
Унинг ушбу видеомурожаатидаги фикрлари ҳеч қандай асосга эга эмас, чунки Ж.Тожиев юқорида таъкидлаб ўтганимиздек 2017 йилнинг октябрь ойига қадар ички ишлар органларида хизмат қилган бўлиб, сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ишлар органларида амалга оширилган ва оширилаётган ижобий ўзгаришлардан мутлақо бехабардир.
Бундан ташқари Журъат Тожиевнинг нафақат ички ишлар органларида балки бошқа барча соҳаларда амалга оширилаётган ижобий ислоҳот ва янгиланишларни тўғри маънода қабул қила олмаслигини ижтимоий тармоқлардаги бошқа видеомурожаатларида ҳам кузатиш мумкин.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати