Сафимиздаги фидойилар: Профилактика инспектори майор Азамат Сафарбоев
Сапарбоев Азамат Бекберганович 1984 йили Хоразм вилоятининг Урганч туманида туғилган. 2004 йил Урганч Давлат университетини тугатган. 2006 йилда ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларини тамомлаб, илк фаолиятини Хонқа тумани ИИБ ҲПГ жазони ижро этиш инспекцияси инспектори лавозимида бошлаган. 2015 йилдан Урганч тумани ИИБ ҲПБ таянч пункти профилактика катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Майор А. Сапарбоев зиммасига Урганч туманидаги 3600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Ғалаба маҳалласи осойишталигини таъминлаш вазифаси юклатилган. Бундай муҳим ишни амалга ошириш билан бирга маҳаллада ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётир. Шунингдек, айни кунларда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Қаҳрамонимиз жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳалла ҳудудида турли ҳуқуқбузарликлар содир этган 65 нафар фуқарога маъмурий баённома расмийлаштирди. Икки нафар муқаддам судланган шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатди. Ҳуқуқбузарлик содир қилишга мойил бўлган 16 нафар шахсни профилактик ҳисобга олди. Турли келишмовчиликлар сабабли ажралиш ёқасига келиб қолган 4 та оилада соғлом муҳитни яратди. Маҳалла ҳудудида крантин қоидаларини бузган 17 нафар фуқарога нисбатан қонуний чоралар кўрди. У фуқаролар томонидан билдирилган 35 та ариза ва шикоятларни ўз муддатида ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилишга эришди.
Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида маҳалла ҳудудида жиноят содир қилинишига йўл қўйилмаган.
Майор Азамат Сапарбоев “Қорадори-2020” тезкор профилактик тадбирида ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, шу йилнинг февраль ойида самарқандлик К. Ю.нинг Хоразм вилоятида марихуана гиёҳвандлик воситасини сотиш билан шуғулланаётганидан хабар топиб, бу ҳақда вилоят ИИБга ахборот беради. Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида К. Ю. Урганч туманидаги Уч кўприк маҳалласи ҳудудида 80 грамм заҳри қотилни сотаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек, Майор А. Сапарбоев туман ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, яъни пиёдани уриб юбориб, воқеа жойидан яширинган янгибозорлик Х. Х.ни топишда ҳам фаоллик кўрсатди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири