Сарҳисоб: Фидойи ходимлар эътироф этилди
Айни кунларда барча соҳаларда 2020 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, галдаги устувор вазифалар белгилаб олинмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва Эксперт-криминалистика бўлими томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – тергов бошқармаси бошлиғи, подполковник А.Х.Пўлатов раислик қилди.
Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳар бир терговчи, суриштирувчи ва эксперт-криминалистларнинг 2020 йилдаги фаолияти алоҳида сарҳисоб қилинди.
Бу борада камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан турли интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Шу билан биргаликда, хизмат вазифаларини бажаришга сидқидилдан ёндашиб келаётган бир гуруҳ ходимларга хизмат фойдаланиш учун офис техникалари берилди ва “Ташаккурнома” эълон қилинди.
Шунингдек, йиғилиш якунида вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлими бошлиғи О.Ражабовга навбатдаги “майор” махсус унвони тантанали равишда топширилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати