Секторлар фаолиятидан: Аҳолига байрам кайфияти улашишга қаратилган маданий тадбир ўтказилди
Айни кунларда юртимизда Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрибди. Байрамона безатилган кўчаю-хиёбонлар ёшу-қари билан гавжум, ҳамма бир-бирини кириб келган янги йил билан табриклаб, келгуси ҳаётларида бахт ва омад тиламоқда.
Хоразм вилояти ИИБ ҳам аҳолига байрам кайфиятини улашиш мақсадида навбатдаги эзгу ишга қўл урди.
Маълумки, ички ишлар органлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3-сектор раҳбари ҳам ҳисобланади.
Ана шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда истиқомат қилиб келаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, хусусан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар учун Хоразм вилояти ИИБ ташаббуси билан янги йил байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Хоразм вилояти Маданият бошқармаси ва “Ўзбекконцерт” бўлими ҳамкорлик қилган ушбу маданий тадбирда вилоятимизда ижод қилиб келаётган, эл суйган санъаткорлар ўзларининг куй ва қўшиқлари билан даврага файз олиб кирган бўлсалар, рассоқалар томонидан ижро этилган рақслар иштирокчиларни ҳам даврага чорлади.
Тинч ва осойишта юртга мана шундай байрам ва шодиёналар ярашишини бугун барча юртдошларимиз бирдек англаб етган десак муболаға бўлмайди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати