Сифат сертификатига эга бўлмаган пиротехника воситалари ҳаёт ва соғлиқ учун хавфлидир
Хоразм вилояти ИИБда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларидан иборат махсус гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, улар томонидан пиротехника воситаларини вилоят ҳудудига олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда ундан фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида қатор профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳудудидаги бозорларда, ўқув муассасаларида ҳамда аҳоли гавжум жойларида пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг оғир оқибатлари хусусида суҳбатлар, учрашувлар ўтказиляпти. Бундай профилактик тадбирларга қарамасдан баъзи нопок кимсалар мўмай даромад топиш мақсадида тақиқланган пиротехника воситаларини вилоят ҳудудига олиб кириш, сотиш ҳамда бошқа фуқароларга ўтказишга уринишмоқда.
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни вилоят ИИБ ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида урганчлик А. Ш. шаҳар ҳудудида ўзига тегишли бўлган сумка ичида 1700 дона “Британик”, 2 дона “7 SHOT”, 1 дона “Волк” номли пиротехника воситаларини олиб юрганлиги аниқланди.
Шунингдек, шу йилнинг 26 ноябрь куни қўшкўпирлик Д. Ў. ҳамда Б. С. Урганч шаҳридаги “Сим-сим” мини маркети ёнида шубҳали шахс сифатида тўхтатилганида уларга тегишли бўлган “Swissgear” ёзувли сумка ичида ҳеч қандай ҳужжатсиз 6000 дона “Британик” ёзувли пиротехника воситалари борлиги аниқланди ва белгиланган тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
– Ўтказилаётган тадбирлар давомида пиротехника воситаларини сотиш, сақлаш ҳамда ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган 8 та ҳолат аниқланди, – дейди вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ катта инспектори, лейтенант Музаффар Рахмонов. – Қонунбузарларга нисбатан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чоралар кўрилмоқда.
Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, Янги йил байрамини хуш кайфиятда кутиб олиш ҳар биримизнинг саъй-ҳаракатимизга боғлиқ. Шундай экан, пиротехника воситалари билан боғлиқ бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олишда барчамиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири