18 Май 2023 йил 594

Синовларда синалган аёл. Подполковник Сайёра Аллаберганова фаолияти ҳақида 

Ички ишлар органларида хизмат қилган Ражаббой ота ҳамда Бикажон она юрт осойишталигини таъминлаш нақадар машаққатли ҳамда масъулиятли бўлмасин, фарзандлари қалбида анашу касбга меҳр уйғотишга астойдил ҳаракат қилишди. Аввал Одилбек, сўнгра Сайёра ота-она кўнглидаги бу истакни амалга оширишди. Одилбек подполковник унвонида пенсияга чиққан бўлса, подполковник Сайёра Аллаберганова ҳамон сафда.  

Урганч автомобиль йўллар техникумини тамомлаган Сайёра вилоят ички ишлар бошқармасининг Молия-иқтисод бўлимида тафтишчи лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. Аввалига юрт осойишталигини таъминлашдек машаққатли вазифани эркаклар билан ёнма-ён туриб адо этиш осон бўлмади. Шундай бўлса-да, у танлаган касбини янада чуқурроқ ўрганишга астойдил киришди. Айниқса, устози майор Светлана Жуманиёзованинг ўгитларига, насиҳатларига амал қилиб, касб сирларини қунт билан ўрганишга интилди. Хуллас, у қисқа фурсат ичида мустақил иш юритадиган, зиммасидаги топшириқларни ўз вақтида бажарадиган ходимага айланди. Бошқарма раҳбарияти Сайёранинг касбига бўлган садоқатини, интилишини инобатга олиб, уни вилоят ИИБ Котибияти референти лавозимига тайинлади. У раҳбарият ишончини оқлаш мақсадида бу вазифага ҳам янада масъулият билан ёндошди. Ўзининг тиришқоқлиги, изланувчанлиги, хизмат вазифасига масъулият билан ёндошиши туфайли раҳбариятнинг эътиборини қозонди. Шундан сўнг Сайёра Аллаберганова ИИВ академиясини ҳам муваффақиятли тамомлади. Лейтенант унвонига эга бўлган лавҳамиз қахрамони Урганч шаҳар ИИБ ҲООБ вояга етмаганлар билан ишлаш гуруҳи инспектори, Паспорт бўлинмаси катта инспектори, Хонқа тумани ИИБ ҲПБ вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш гуруҳи инспектори, вилоят ИИБ ҲПБ вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш маркази инспектори, марказ бошлиғи лавозимларида самарали хизмат қилди. Айни кунда лавҳамиз қахрамони Хонқа тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор вазифасида хизмат қилмоқда.

Подполковник Сайёра Аллаберганованинг ўттиз йиллик фидойи хизмати Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳамда вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан муносиб тарзда рағбатлантирилган.

-Сайёра Аллаберганова ҳақида жуда кўп илқ фикрлар билдириш мумкин,-дейди вилоят ИИБ ММИ ва КБТХ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилноза Боғибекова.-У фидойи ходим, тажрибали мураббий, жамоат ишларининг фаол иштирокчиси, бахтли оила бекасидир. Қолаверса, ўзининг хушмуомалалиги, одоб-аҳлоқи, хизмат вазифасига масъулият билан ёндошиши билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган меҳнатсевар аёлдир.

Жамиятимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш, оиладаги ўрни ва нуфузини оширишдек муҳим вазифалар Сайёранинг кундалик вазифасига айланган. Тумандаги тегишли ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланиб, жиноят содир этилишига йўл қўйилмаяпти.

Оила муқаддас даргоҳ. Унга меҳр қўйиш, эътибор қаратиш комил инсонга хос бўлган фазилатдир. Айниқса, фарзанд тарбиясида ота-она истаги, орзу-интилишлари бир мақсадга қаратилган бўлиши лозим. Ана шундагина оилада соғлом муҳит вужудга келади. Ўғил-қизлар ҳар томонлама тўкис инсон бўлиб вояга етади. Бундай ҳаётий ҳикматни яхши англаган Сайёра турмуш ташвишларини сабр-матонат билан енгиб ўтишга астойдил ҳаракат қилди. Айниқса, турмуш ўртоғи Ортиқ Маҳмудовнинг вафот этиши унинг аёллик матонатини яна бир бор синовдан ўтказди. Оғир мусибатга бардош берган Сайёра хизмат бурчини тўла-тўкис бажариб, фарзандлар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Айни кунда тўнғич ўғли Шохруҳ Тошкент молия институтида, қизи Фарангиз эса Урганч давлат университетида таҳсил олишмоқда.

Шарқшунос олим В. Москалев ўзбек аёллари ҳақида тарихий этнографик очерк ёзаётиб, “Ўзбек аёлининг табиатида туғма фаоллик, туғма қизиқувчанлик ва туғма ақл мавжуддир”, деган тўхтамга келади. Бундай сўзларни ўқир эканмиз, беихтиёр кўз ўнгимизда Ватанимиз тинчлигини, халқимиз осойишталигини таъминлашдек машаққатли вазифани шараф билан адо этаётган подполковник Сайёра Аллаберганова сингари ғайрат-шижоатли аёлларимиз намоён бўлади. Бундай фидойилар билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.

                                               

                                                                      Худойберган ЖАББОРОВ,

“Postda” мухбири.

Text to speech