8 Июл 2022 йил 655

 Соҳа фидойилари: Хоразм вилояти ИИБ ХТТБ ЙҲХГ ЙПХ катта инспектори, катта лейтенант Азизбек Болтаев

Ёз ойи. Жазирама иссиқнинг шашти анча баланд. Айниқса, юртимизнинг жанубий сарҳадларида кунлик исиш даражаси анча юқори. Анашундай кунларнинг бирида германиялик сайёҳ Schuhmann Johannes Урганч шаҳрининг гўзал ва хушманзара жойларини томоша қилаётиб, ўзини ёмон хис этди. Пиёдалар йўлагидан зўрға одимлаётган хорижлик меҳмон бирдан йўл чеккасидаги дарахтга суянганча ўтириб қолди. Бу ҳолатга кўзи тушган вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси йўл ҳаракат хавфсизлиги гуруҳи ЙПХ катта инспектори, катта лейтенант Азизбек Болтаев дарҳол унинг ёнига келиб, инглиз тилида ундан ҳол-аҳвол сўради. Сайёҳ хизмат кийимидаги ходимнинг хорижий тилда эркин ва равон гапираётганини эшитиб, бироз ҳайратланди ва қон босими ошганлигини, тиббий ёрдамга муҳтожлигини айтди. Меҳмоннинг соғлигида жиддий муаммолар борлигини сезган катта лейтенант А. Болтаев уни ҳаракатлантирмасдан дарҳол “Тез тиббий ёрдам”га хабар берди. Беморни тиббий текширувдан ўтказган шифокорлар уни тезда шу яқин атрофдаги касалхонага олиб боришди. Хуллас, инспектор ҳамда шифокорларнинг ўз вақтида кўрсатган ёрдами ва тиббий муолажалари туфайли беморнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ўзини яхши ҳис этган Schuhmann Johannes тиббиёт ходимларига ҳамда холоскори-Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ЙҲХГ ЙПХ катта инспектори, катта лейтенант Азизбек Болтаевга самимий миннатдорлик билдирди. Меҳр-оқибатли, меҳмондўст ўзбек элига ташриф буюрганидан жуда мамнун эканлигини изҳор этди.

   Инсон ёшликдан севган касбига меҳр қўйиб, унга эришиш учун тинмай интилади. Ўқийди, изланади. Ота-онасининг, яқинларининг маслаҳатини олади. Шу соҳанинг ҳадисини олган кишларнинг насиҳатларига қулоқ тутади. Соҳанинг илғор кишиси, билимдони бўлишга, ўзининг бутун ҳаётини танлаган касбига бағишлашга интилади. Лавҳамиз қахрамони янгиариқлик Азизбек Болтаев ҳам ёшликдан ана шундай аниқ мақсад сари дадил одимлади.

   Урганч Давлат университетининг хорижий тиллар факультетини муваффақиятли тамомлаган Азизбек бир йил Янгиариқ туманидаги 25-умумтаълим мактабида инглиз тилидан ўқувчиларга сабоқ берди. Шундан сўнг уни танлаган касби-вилоят ИИБ ХТТБ ЙҲХГ ЙПХ катта инспектори лавозимига хизматга қабул қилишди. Орзусига эришган Азизбек соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганишга киришди. Устози майор Матёқуб Мадаминовнинг маслаҳатларига, насиҳатларига, ўгитларига амал қилди. Билмаганларини сўраб ўрганди. Орадан кўп вақт ўтмай мустақил иш юрита оладиган, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажарадиган масъулиятли ходимга айланди.

   Мана тўрт йилдирки, ушбу масъулиятли вазифада сидқидилдан хизмат қилаётган катта лейтенант Азизбек Болтаев йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл транспорти ҳодисаларининг олдини олиш, вилоятга ташриф буюраётган туристлар хавфсизлигини таъминлашда сидқидилдан хизмат қилмоқда.

   Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятга 214 минг 500 нафар туристлар ташриф буюрди. Шундан 197 минг нафари маҳаллий, 17 минг 500 нафари эса хорижий сайёҳлардир. Уларнинг бой маданий меросимиз жойлашган ҳудудларга хавфсиз кузатувини ташкил этишда айнан лавҳамиз қахрамонининг хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Чунки ушбу муҳим тадбирлар жараёнида бирорта ҳам кўнгилсиз воқеа-ҳодисалар содир этилишига йўл қўйилмади.

   -Касбига меҳр қўйган киши қийинчиликлардан асло чўчимайди,-дейди вилоят ИИБ ХТТБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Марат Худойберганов.-Аксинча уни енгишга, муваффақиятларга эришишга, касбининг фидойиси бўлишга интилади. Катта лейтенант Азизбек Болтаевнинг табиатида ҳам ана шундай ижобий ҳислатларни, фазилатларни кўришимиз мумкин. Бу эса унинг тажрибали осойишталик посбони сифатида шаклланишида муҳим омил бўлмоқда.

   Инсон ҳаёти давомида амалга оширган ҳар бир эзгу ва хайрли ишлари билан халқнинг назарига тушади. Лавҳамиз қахрамони ҳам ўзининг фидойи хизмати билан ана шундай эътирофга муносиб бўлаётган ёшлардан биридир.                     

 

                                                                          Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                 “Postda” мухбири.      

Text to speech