4 Сентябр 2021 йил 535

Соҳа фахрийларининг Хивага саёҳати уюштирилди

Бугунги кунда Хоразм вилояти ички ишлар органларида соҳа фахрийлари билан олиб борилаётган ишлар янгича тизим ва янгича ёндашув асосида амалга оширилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад фахрийларнинг бой ҳаётий ва касбий тажрибасидан унумли фойдаланиш, ёш кадрлар ва фахрийлар ўртасида устоз-шогирд анъанани ривожлантириш ҳамда фахрийларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдир.

Хоразм вилояти ички ишлар органлари хизмат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийлар ўзларининг ҳаётларини ички ишлар органлари фаолияти билан қайта боғлашди десак муболаға бўлмайди.

Чунки бошқармада ўтказиладиган ҳар бир тантанали тадбирга фахрийлар албатта азиз меҳмон сифатида таклиф этилади. Уларнинг хизмат фаолияти давомида амалга оширган ижобий ишлари тингланади.

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедовнинг ташаббуси билан фахрийлар иштирокида амалга оширилган навбатдаги тадбир ҳам бу борада амалга оширилган ишларнинг узвий давоми бўлди.

Хоразм вилояти ИИБ фахрийлар кенгаши билан келишилган ҳолда бир гуруҳ фахрийларнинг Хива шаҳрига саёҳати ташкил этилди.

Фахрийлар дастлаб Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” музей-қўриқхонасининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдилар.

Шундан кейин, узоқ йиллар юрт тинчлиги йўлида елкама-елка хизмат қилган собиқ сафдошлар бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашдилар.

Соҳа фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар узвий давом этади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech