9 Феврал 2022 йил 588

Соҳа фидойилари: Хива тумани ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори катта лейтенант Севара Худайберганова фаолиятига назар

Хива тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори катта лейтенант Севара Худайберганова қисқа даврда туманда яшовчи хотин-қизларнинг бирига опа, бирига сингил яна бирига дугона бўлиб қолди.

Катта лейтенант С.Худайберганова туманидаги барча маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг ўринбосарлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шу боис, оилаларда пайдо бўлган ҳар қандай кўринишдаги келишмовчилик иштирокчиси бўлган хотин-қизлар дастлабки жараёндаёқ маҳалла фаоллари, кайвони онахонларни жалб қилган ҳолда муросага келтирилади.

Албатта, ҳамма ҳам бирдек муросага келмаслиги табиий, бундай ҳолатларда эса катта лейтенант С.Худайберганова жабр кўрган хотин-қизларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга киришади, 2021 йил давомида тайзиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 203 нафар хотин-қизларга “Ҳимоя ордери” берилган бўлса, 2022 йилнинг ўтган даври мабойнида 24 нафар хотин-қизлар ҳимояга олинди.

Тумандаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларида ҳам катта лейтенант С.Худайберганова фидойилик кўрсатиб келмоқда.

У хотин-қизларни доимий ишга жойлаштиргач ҳам яқин алоқада бўлиб, уларни ижтимоий ҳаётга тўлиқ мослашиб кетишларида доимий маслаҳатлар бериб боради.

Амалга оширилаётган ушбу ишлар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг асосини ташкил қилади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech