23 Декабр 2021 йил 560

Соҳада фаолият олиб бораётган хотин-қизлар иштирокида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги Қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” асосида ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган барча ходимларнинг умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, ғурур, ифтихор, касбига нисбатан садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш мақсадида ҳудудларда маънавий-маърифий йўналишда олиб борилаётган тадбирлар кўлами кенгайиб бормоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги маънавий-маърифий тадбир вилоят ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган хотин-қизлар иштирокида ўтказилди.

Махмуд аз-Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Матонатли ўзбек аёли тимсоли” мавзусида ўтказилган ушбу семинарга  Урганч давлат университетининг малакали мутахассислари тренер сифатида таклиф этилди.

Очиқ, самимий ва ўзаро ишонч тамойили асосида ўтказилган давра суҳбатида ички ишлар органлари ходималари ўзларининг хизмат фаолиятида учрайдиган турли холатлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Шунингдек, Қўшкўпир тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалари бўйича катта инспектори майор Гулноза Гулямованинг “Йил аёли” миллий кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлганлиги эътироф этилиб, унга кўрик-танловнинг республика босқичидаги иштирокида омад тиладилар.

Ўтказилган ушбу семинар иштирокчиларга хизмат фаолияти ва шахсий ҳаёти давомида зарур бўладиган бой тажрибаларни бера олганлиги билан барчада катта таассурот қолдирди.

  Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech