1 Декабр 2023 йил 5104

Соғлом ҳаёт сари биргаликда!

Дунё бўйлаб 1988 йилдан бошлаб ҳар йили 1 декабрда Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни нишонланади. Мазкур кун соғлом ҳаёт тарзини илгари суриш борасидаги энг муҳим кунлардан бирига айланиб, ОИТС ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш, ушбу касалликдан вафот этган инсонларни ёдга олиш ва қолаверса, ОИТСга қарши кураш йўлидаги ютуқларимиз, жумладан, бу касалликнинг жадаллашишини тўхтатиб туриш ва олдини олиш бўйича хизматлардан фойдаланиш имкони эндиликда янада кўпроқ инсонларда мавжудлигини эслаш учун яхши имконият.

Республикамизда, қолаверса, вилоятимизда ҳам “1 декабрь - Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни”ни  кенг нишонлаш анъанага айланган. 

ЮНЭЙДС маълумотларига кўра, дунё ахолисининг 37 млн.дан ортиғи бугунги кунда ОИВ инфекцияси билан яшамоқда. Дунё бўйлаб ОИВ эпидемияси масштабларининг ўсиши, хозирги кунгача махсус профилактика (вакцина)нинг йўқлиги, ҳақли равишда бу касалликни инсониятнинг  жиддий глобал муаммолари қаторига киритиш мумкин.

ОИВ - одамнинг  иммунитет танқислиги вируси.

ОИВ инфекцияси - Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган, клиник белгиларсиз вирус ташиб юрувчанликдан иммун тизимни оғир зарарланишигача олиб борадиган сурункали юқумли  касалликдир.

Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (ОИТС) - ОИВ инфекцияси таъсирида яққол иммунитет танқислиги фонида ривожланадиган иммунитет танқислиги синдромидир.

Демак, ОИВ одам организмининг иммун тизимини емиради, оқибатда зарарланган организм ҳар қандай дардга қарши курашишга ожиз бўлиб қолади.

ОИВ - инфекциясининг 3 хил юқиш йўли тасдиқланган:

-Қон орқали (Парентерал йўл), яъни ОИВ инфекцияси билан зарарланган, текширилмаган қон ва унинг компонентлари қуйилганда, қон қолдиқлари мавжуд бўлган ностерил тиббий ва нотиббий асбоблар  қайта ишлатилганда, гиёхванд моддани инъекция йўли билан қабул қилганда бошқа шахс  ишлатган шприцни қайта ишлатганда.

-Жинсий йўл орқали - ОИВ инфекцияли шахс билан ҳимояланмаган жинсий алоқаларда. Бетартиб, тасодифий жинсий ҳаёт кечирувчиларда кўпроқ учрайди.

-Вертикал йўл орқали - ОИВ инфекцияси юққан онадан ҳомилага ёки чақалоққа: ҳомиладорлик даврида, туғруқ вақтида, болани ОИВ - инфекцияли она сути билан эмизишда.

ОИВ инфекциясини онадан - болага юқишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладорликнинг 12-хафтасига қадар аёллар маслаҳатхонасига рўйҳатга туриб, ОИВ инфекциясига текширилиши лозим. ОИВ инфекцияси аниқланган ҳомиладор аёллар диспансер рўйхатига олиниб, зарурий профилактик чора-тадбирлар олиб борилади. Касалликнинг туғруқ йўллари орқали онадан болага юқишининг олдини олиш мақсадида сунъий усулда кесарча кесиш йўли билан туғдирилади. ОИВ инфекцияли оналардан туғилган чақолоқлар сунъий овқатлантирилади. Ушбу чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилса, ОИВ инфекциясини онадан болага ўтишининг олди олинади. Бунинг учун ҳомиладорлар ўз вақтида аёллар маслаҳатхонасига рўйҳатга туриши лозим.

Касалликни қандай белгилари мавжуд?

Касаллик юққандан кейин яширин даври бошланади ва ҳеч қандай клиник белгиларсиз бир неча ойдан 5 - 10 йилгача давом этиши мумкин. Бу давр эпидемиологик жиҳатдан энг хавфли давр ҳисобланади, чунки бу пайтда вирус қонда сезиларли даражада бўлмагани учун ОИВ билан зарарланган одам муайян вақтгача вируснинг таъсирини сезмайди ва касалликни ўзи билмаган ҳолда бошқаларга юқтириб юриши мумкин.

Касалликнинг дастлабки аломатлари: Тана ҳароратининг кўтарилиши, лимфа тугунларининг катталашуви, ойлаб давом этувчи ич кетиши, тана вазнининг камайиши, нафас йўллари яллиғланиши, тери ва жинсий аъзолар шиллиқ қаватларининг яллиғланиши, оғиз бўшлиғида яллиғланиш, турли-туман инфекциялар кузатилади.

ОИВ инфекцияси юқиш хавфини қандай камайтириш мумкин?

-оилага , турмуш ўртоғига тўлиқ вафодор бўлиш;

-фақат шахсий устара, тиш чўткалари ва бошқа шахсий гигиена воситаларидан фойдаланиш;

              -тиббий ва нотиббий муолажалар олиш зарурияти туғилганда фақатгина стерил, бир марта ишлатиладиган анжомлардан фойдаланиш.

ОИВ қуйидаги холларда юқмайди?

-Дўстона қўл бериб саломлашганда, қучоқлашиб кўришганда;

 -Йўталганда,аксирганда;

-Қон сўрувчи хашоратлар (чивин, бит, кана ва бошқ) чаққанда;

-Озиқ-овқатлар ва идиш-товоқлардан умумий фйдаланганда;

- Очиқ сув хафзаларида, бассейн, ванна ва душ қабул қилганда;

- Бир хонадонда бирга яшаганда ;

-Маиший умумий нарсалар (соқол олиш учун мўлжалланган асбоб ускуна, тиш чўткасидан ташқари);

-Устки кийимлардан;

Никоҳланувчилар тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтиб турмуш қурсалар, ёш оилалар ўртасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга эришамиз. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2003 йил 25 августдаги “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги 365-сонли қарорига амал қилган ҳолда ёш никоҳланувчилар тўйдан олдин 5 та мутахассис кўригидан;

-Руҳий-асаб касаллиги

-Гиёҳвандлик

-ОИВ инфекцияси

-Тери-таносил касаллиги

-Сил касаллигига тиббий кўрикдан ўтишлари шарт

ОИВ инфекцияси сурункали касаллик, уни бутунлай даволашни имкони ҳали мавжуд эмас. Шу сабабли, беморлар бутун умрлари давомида тиббий ёрдамга мухтож бўладилар. Хозирги кунда бутун дунёда касалликни махсус даволаш усули (ретровирусга қарши терапия ) амалиётга тадбиқ қилинган бўлиб, муолажалар натижасида ОИВ- инфекциясини юқтирган одамлар бутунлай яхши бўлмайди, уларнинг умри узаяди, ҳаёт тарзи яхшиланади.

Меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун ҳорижий давлатларга чиқувчи шахслар – мигрантларнинг янги меҳнат ва турмуш шароити, оиладан узоқ бўлиши, уларнинг ҳулқ-атворини ўзгаришига олиб келиши мумкин. Бу эса ўз навбатида уларни ОИВ инфекцияси ва бошқа жинсий йўл орқали юқувчи касалликлар билан касалланиш хавфини оширади.

Агарда Сизда ОИВ инфекцияси юқтириб олиш хавфини туғдирадиган омиллар кузатилса, ўзингизни ушбу касалликни юқтириб олган ёки олмаганлигингизни аниқлаш хамда ҳамда яқинларингиз, оила аъзоларингизга касаллик юқишининг олдини олиш мақсадида шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари қошида ташкил этилган “Ишонч хона”сига ҳамда вилоят ОИТСга қарши кураш марказининг “Аноним хонаси”га мурожаат қилиб, аноним, яъни шахсни сир сақлаган ҳолда қон тахлили топшириши мумкин.

Ҳар умрнинг баҳори, ёзи, кузи, қиши бор. Ҳар фасл ўз гашти, мазмуни билан қадрли. Бироқ ҳаётда ўйламай босилган қадам, биргина хато инсон умрини ҳазонга айлантириши ҳеч гап эмас. Ҳаётининг ҳазонга айланмаслиги эса ҳар кимнинг ўз қўлида эканлигини унутманг!

 

 

Хоразм вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими Санитария эпидемиология назорати маркази бошлиғи                      Бахтиёр Отаниязов

             

Text to speech