31 Октябр 2020 йил 730

Суд залидан репортаж: Жазо тайинлашда айбни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олинди    

Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузишда айбланган шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Ҳазорасплик М. Р. Питнак шаҳар, “Обод” маҳалласи ҳудудидан ўтган 4R 156-Г автомобиль йўлининг 3-километрида ўзига тегишли бўлган “Нексия-3” русумли автомашинани маст ҳолда бошқариб бораётиб, йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган талабларини ҳамда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Натижада К. Р. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Шунингдек, М. Е. “Кобалт” русумли автомашинани Тупроққалъа туманидаги “Нукус” маҳалласи худудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 492-километрида бошқараётиб, ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган М. С. бошқарувидаги “Урал” русумли мотоциклни орқа қисмидан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган. Оқибатда М. С. олган тан жароҳатидан ҳодиса жойида, мотоцикл йўловчиси Д. Р. эса шифохонага етмасдан вафот этишган.

Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, уларнинг муқаддам судланмагани, келтирилган зарарлар тўлиқ бартараф этилгани, фуқаровий даъвогар, жабрланувчи ҳамда жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари томонидан даъво билдирилмагани, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани, маҳалла фуқаролар йиғинларининг кафил бўлиш ҳақидаги илтимосномаси инобатга олиниб, улар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, турли муддатларга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

 

                                                              Сардор ТОГОНОВ,

                                                            Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят

                                                           судининг судьяси.

Text to speech