Талаба ва ўқувчиларга интернет ҳамда мобиль қурилмалардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари тушунтирилди
Жорий йилнинг 26 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази бошчилигида, мутасадди вазирлик ва идоралардан тузилган Ишчи-гуруҳи томонидан Хоразм вилоятида жойлашган 5 та умумий ўрта-таълим мактабининг 180 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлари ва ўқитувчилари учун “Интернет ва телефон қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари” мавзусидаги тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги масъул ходими С.Б.Садиков тадбир иштирокчиларига Интернетдаги таҳдидларни барвақт олдини олиш бўйича ўқувчи-ёшларга мўлжалланган тарғибот ишларининг мазмун-моҳиятини етказди.
Шундан сўнг, Вазирлик масъул ходимлари, Ишчи-гуруҳ вакиллари Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори вазифасини бажарувчи М.М.Кахарова, Халқ таълими вазирлиги ахборот коммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўлими бош мутахассиси А.Абдусаломовлар томонидан “Кибербуллинг, яъни интернетдаги зўравонликларни олдини олиш”, “Ўқувчи-ёшлар ўртасида интернет ва мобиль қурилмалардан фойдаланиш маданиятини шакллантиришнинг маънавий маърифий жиҳатлари” ва “Интернет ва телефон қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари” мавзуларида чиқишлар қилинди.
Кейинги ўринда, умумий ўрта-таълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари ва ўқитувчилари учун Вазирлик Киберхавфсизлик маркази томонидан ишлаб чиқилган “Киберёрдамчи” тизимининг фаолияти бўйича маълумот бериб ўтилди.
Тадбир қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлиб, ўқувчи-ёшларлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Хоразм вилоятида ўтказиладиган тарғибот тадбирлари доирасида Ишчи-гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати