19 Июн 2023 йил 1804

ТАНЛОВ  ЭЪЛОН  ҚИЛАДИ

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси

 

ТАНЛОВ  ЭЪЛОН  ҚИЛАДИ

Инвестор ва қурилиш ташкилотлари диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 майдаги
ПҚ-4343-сон қарорига мувофиқ, Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларини замонавий арзон уй-жойлар билан таъминлаш ҳисобидан уларни рағбатлантириш ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 октябрдаги 865-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири томонидан 2023 йил 22 май куни Хоразм вилоятида ўтказилган 98-сонли сайёр мажлис баёнининг 22-банди талабларини таъминлаш мақсадида Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар учун кўп қаватли турар жойлар қуриш ва мазкур турар жойдаги квартираларни “тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида қурувчи инвестор ҳамда қурилиш ташкилотлар ҳамкорликка таклиф этилади.

Хоразм вилояти ИИБга қарашли Урганч шаҳар, И.Каримов кўчаси, 110-уй манзилида жойлашган “Спорт маркази” ҳудудининг бўш турган умумий майдони 3670 м2 қисмида кўп қаватли турар жой қурилиши бўйича инвестор ёки қурилиш ташкилотлари томонидан қуйидаги ҳужжатлар тўплами тақдим этилиши ҳамда қўйилган талаблар бажарилиши зарур:

  1. Инвестор ёки қурилиш ташкилотининг устави, гувоҳномаси ва рейтинги меъёр талабларига тўғри келиши;
  2. Инвестор ёки қурилиш ташкилотининг фаолияти ҳақида маълумот
    (3 йилдан ортиқ ишлаган бўлиши керак);
  3. Хизмат кўрсатувчи банкнинг Инвестор ёки қурилиш ташкилоти тўғрисида ҳамда солиқ бошқармасидан маълумотномалар;
  4. Инвестор ёки қурилиш ташкилотининг моддий техник базаси тўғрисида маълумот.
  5. Қурилиши режалаштирилган ҳудудга лойиҳа таклифи (бош режа, фасад, барча қаватлар режаси, 3D кўриниши, ходимларга таклиф қилинадиган квартираларнинг майдони қарор талабларига асосан 2 хонали камида 80 кв.м., 3 хонали камида 100 кв.м., 4 хонали камида 120 кв.м. бўлиши зарур);
  6. Қурилиш ишларини олиб бориш, қурилиш муддатлари ва қурилиш шартлари кўрсатилган тасдиқланган тармоқ режаси;
  7. Танлов иштирокчиларида иш (хизмат)ларни бажариш учун зарур бўлган меҳнат ресурслари, мутахассисларнинг мавжудлиги, мутахассисларнинг етарли касбий ва техникавий малакага, шартнома тузиш юзасидан фуқаролик-муомала лаёқати ва ваколатларига эга бўлиш шартлиги ҳамда корхона танлов объектига ўхшаш объектларда ишлаганлик тажрибаси мавжудлиги;
  8. Қайта ташкил этилиш (бўлиниш, қўшилиш), тугатиш ёки банкротлик арафасида турган, мол-мулки мусодара қилинган, муассислик келишув, молиявий иштирок, холдинг ва бошқа шаклда ифодаланган бевосита ташкилий-ҳуқуқий ёки бир-бирига молиявий қарамлиги мавжуд бўлган ташкилотларга танлов жараёнларида иштирок этишга рухсат берилмайди.
  9. Қурилаётган кўп қаватли турар жойнинг хонадонлари “тайёр ҳолда топшириш” шартлари:

-хонадонларнинг ички ва ташқи эшиклари меъёрда белгиланган талаблар асосида ўрнатилиши;

-хонадонларнинг  ҳар бирига  алоҳида замонавий  иситиш қозони ва радиаторлар ўрнатилиши;

-ошхона, йўлак (коридор) ва яшаш хоналарининг пол қисми ламинат, деворлари тўлиқ таъмирланиб ранг берилиши ва шифтига осма люстралар ўрнатилиши;

-ювиниш хонаси ҳамда ҳожатхона чўмилиш ваннаси, унитаз, сув иситиш мосламаси (аристон), қўл ювиш раковинаси билан тўлиқ жиҳозланиши ҳамда деворлари ва пол қисми кафел билан тўлиқ қопланиши;

-ошхонага газ плита ва идиш ювиш қўл ювиш раковинаси билан таъминланиши;

-ҳар бир квартира алоҳида электр, газ ва сув ҳисоблагичлар билан жиҳозланиши шарт.  

  1. Қурилаётган турар жой ер майдонидаги керакли қурилма ва иншоотни бошқа жойга кўчириш ҳамда “Спорт маркази” билан турар жой оралиғига девор қурилиши (оралиқдаги девор узунлиги 136 метр) ўз ҳисобидан амалга оширилади.
  2. Кўп қаватли турар жойдаги барча турар ва нотурар жойларнинг фойдали майдонининг камида 50 фоиз қисми ҳисобланган ҳолда Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар учун хонадон сифатида имтиёзли тарзда арзон нархларда ажратилиши белгиланади.
  3. Инвестор ёки қурилиш ташкилотлари томонидан юқорида кўрсатилган талаблардан ташқари қўшимча таклифлар (имтиёзлар) киритилиши мумкин.

Мазкур шартлар бўйича ҳамкорлик қилиш истагида бўлган инвестор ёки қурилиш ташкилотлари ўз таклифларини (пакет шаклида) 2023 йил 5 июль куни соат 18:00га қадар Хоразм вилояти, Урганч шаҳар Й.Бобожонов кўчаси, 14-уйда жойлашган вилоят ИИБга тақдим этиши мумкин.

Танлов мазкур манзилда 2023 йил 7 июль куни ўтказилади (танлов - энг яхши таклиф шаклида олиб борилади)Маълумот учун тел: 62-220-40-55.

 

Хоразм вилояти ИИБ

Text to speech