13 Июн 2022 йил 647

Тақиқланган экинларни экиш ва етиштириш билан боғлиқ холатлар фош этилди

Жорий йилнинг 1 май куни “Қорадори-2022” тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи бошланган бўлиб, мазкур тадбир доирасида Хоразм вилояти ИИБ томонидан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш билан биргаликда, тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ бир неча холатларни фош этишга эришилди.

Жумладан, жорий йилнинг 9 июнь куни Ҳазорасп тумани ИИБ ходимлари томонидан Ҳазорасп туманида яшовчи, 1973 йилда туғилган О.Р. нинг томорқаси кўздан кечирилганида, у 13 туп “каннабис” ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги маълум бўлди.

Шу куни, тумандаги “Саноат” қишлоғида яшовчи, илгари гиёҳвадлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган, 1957 йилда туғилган, Ф.М.нинг томорқа ери тезкор ходимлар томонидан холислар иштирокида кўздан кечирилганида эса у ҳам 10 туп “каннабис” ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 9 июнь куни Хоравзм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Янгибозор туманидаги фермер хўжалигига қарашли пахта экилган дала майдони кўздан кечирилганида, фермер хўжалиги иш юритувчиси, 1992 йилда туғилган Э.М. дала чеккасига 14 туп “каннабис” ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги фош этилди.

Ушбу шахслар томонидан экиб, парваришлаб келинаётган “каннабис” ўсимлиги белгиланган тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб, йиғиб олиниб, судга оид кимёвий экспертизадан ўтказилганида улар тақиқланган экинлар таркибига кириши маълум бўлди.

Мазкур холатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech