Тарғибот тадбирлари “Маҳалламда кибержиноят бўлмайди!” шиори остида бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази бошчилигида, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда мутасадди вазирлик, идоралари ходимларидан тузилган Ишчи-гуруҳи томонидан Хоразм вилояти Боғот туманида жойлашган “Боғзор” маҳалласида, маҳалланинг 100 нафарга яқин аҳолиси, ота-оналар учун “Маҳалламда кибержиноят бўлмайди!” шиори остидаги “маҳаллабай” профилактик тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги масъул ходими С.Б.Садиков тадбир иштирокчиларига Интернетдаги таҳдидларни барвақт олдини олиш маҳалла аҳолисига мўлжалланган тарғибот ишларининг мазмуни ва моҳияти, кибержиноятларга қарши курашишда кибер таҳдидлардан холи намунали маҳаллани шакллантириш мақсадида вилоятнинг Боғот туманидаги “Боғзор” маҳалласи танлаб олинганлиги, ушбу маҳалла аҳолиси билан тарғибот ишларини “хонадонбай” тамойилида олиб бориб, фуқароларнинг Интернет тармоғидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича “иммунитети”ни шакллантириш, “кибергигиена”сини ошириш режалаштирилганлигини эълон қилди.
Шундан сўнг, Вазирлик масъул ходимлари, Ишчи-гуруҳ вакиллари ва Урганч шаҳар бош имом хатиби Х.А.Кенжаев томонидан “Кибержиноятлар бугунги кундаги асосий таҳдидлардан бири”, “Кибержиноятларнинг диний нуқтаи назардан тақиқланганлигини аҳолига тушунтириш”мавзуларида чиқишлар қилинди.
Кейинги ўринда, маҳалла аҳолисига Кибержиноятлардан холи маҳаллани шакллантириш бўйича Вазирлик Киберхавфсизлик маркази томонидан ишлаб чиқилган “Кибермаҳалла” тизими тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу тизим имкониятлари ҳақида аҳолига тушунтиришлар берилиб, келгусида ушбу тизим орқали виртуал маконда тарғибот ишларини олиб бориш ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбир қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлиб, маҳалла аҳолиси банк пластик карталаридан фойдаланиш қоидалари, фарзандларининг телефон қурилмалари, Интернет тармоғидан фойдаланганда зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, уларни назорат қилиб, тарбиялаб бориш бўйича ўзларига керакли маълумотлар эга бўлдилар.
Хоразм вилоятида ўтказиладиган тарғибот тадбирлари доирасида Ишчи-гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати