6 Декабр 2021 йил 888

Таркибида наркотик ва психотроп моддалари бўлган дори-дармонларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш фаол давом этмоқда

Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан бир қаторда, инсон онги ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддалар ҳам кенг тарқалаётгани дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда.

Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш билан биргаликда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муамалага киритилишига қарши курашиш ҳам кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ноябрь ойи республикамизда “Таркибида наркотик ва психотроп моддалари бўлган дори-дармонларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш” ойлиги деб эълон қилиниб, бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, Хоразм вилояти ИИБ ва Ҳазорасп тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда 10 ноябрь куни ўтказилган тадбирда, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган, Д.К. исмли аёл  35 та конвалютадаги жами 350 дона “Трамадол  Ланнахер” ёзувли гиёҳвандлик дори-воситаларини 7 000 000 сўмга сотган вақтида жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, жорий йилнинг 19 ноябрь куни Хоразм вилояти ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан Боғот тумани “Оқтепа” маҳалласида жойлашган дорихона белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, ушбу дорихона      пештахтасида 278 конвалютадаги жами 2785 дона капсула “ZARDEX” ёзувли кучли таъсир қилувчи дори воситалари келгусида сотиб ўтказиш мақсадида сақлаб келинаётганлиги аниқланди.

Юқоридагилардан ташқари, 2021 йил 18 ноябрь куни Қўшкўпир тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари шу туманда яшовчи, 1970 йилда туғилган, У.О. бошқарувидаги автомашина тўхтатилиб, автомашина ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси, шу туманда яшовчи, 1971 йилда туғилган Н.О. ларнинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида, ҳар бирининг ёнида қоғоз варағига ўралган ҳолдаги “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, 27 ноябрь куни Хива шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда, Хива шаҳрида яшовчи, 1966 йилда туғилган Р.Р. қоғоз варағига қадоқланган “героин” гиёҳвандлик воситасини 1 000 000 сўмга қонунга хилоф равишда сотаётган пайтида қилмиши фош этилиб, жиноят устида қўлга олинди.

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech