“Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
Аёл, хотин-қизлар қадрланган жамиятдагина ривожланиш, тараққиёт ва фаровонлик бўлиши исбот талаб қилмайдиган ҳаёт қонуни эканлигини бугун барча англаб етган десак муболаға бўлмайди.
Буни бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳар томонлама ҳимоясини таъминлаш мақсадида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар натижаси ўлароқ ҳам кўришимиз мумкин.
Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман суди ташаббуси билан ташкил этилган давра суҳбати ҳам “Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида бўлиб ўтди.
Суд раиси Шуҳрат Хўжаниёзов олиб борган мазкур давра суҳбатида ички ишлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, шунингдек ўзини-ўзи бошқариш органлари масъул ходимлари иштирок этдилар.
Дастлаб вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари подполковник Дилноза Боғибекованинг бугунги кунда вилоятимизда, хусусан Янгибозор туманида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ҳамда уларнинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Интерактив усулда ўтказилган давра суҳбати давомида иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги саволларига қонуний ечим топиш мақсадида мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди.
Жумладан, “Ҳимоя ордери”нинг самарадорлигини янада ошириш борасида билдирилган фикрлар инобатга олиниб, келгусида амалдаги қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиш киритиш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар бериш юзасидан қарор қабул қилинди.
Бугунги кунда Янгибозор туманида хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги ижобий баҳоланиб, келгусида бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати