Тест синовлари жараёнида қонунийлик ва адолатни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар
Барчамизга маълумки жорий йилнинг 5 август кунидан бошлаб мамлакатимиз бўйлаб 2021/2022-ўқув йили учун абитуриентлардан тест синовларини қабул қилишга старт берилди.
Албатта деярли барча абитурентлар талаба бўлиш орзусида ушбу тест синовларига пухта тайёргарлик кўришади. Шундай бўлсада, гуруч курмаксиз бўлмаганидан, абитуриентлар орасида ҳам фанга оид билимларни эмас, тест синовларида тақиқланган холатларни пухта эгаллашга ҳаракат қиладиганлар учраб туради.
Аммо бундай устамон абитуриентларни аниқлаш, тест синовлари жараёнида қонунийлик ва адолатни таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Албатта ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда инновацион техника ва технологиялар имкониятидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Жумладан, Урганч шаҳридаги “Хоразм” ўйингоҳида 5 август куни ўтказиладиган тест синовларига қўшкўпирлик, 1992 йилда туғилган, Д.И.нинг ўрнига унинг опаси, 1990 йилда туғилган, С.И. киришга уринганида назорат ўтказиш пунктида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимларининг зийраклиги сабабли тўхтатиб қолинди.
Шунингдек, 6 август куни эрталаб ўтказилган тест синовларига электрон ҳисоблаш ускунаси (калькулятор)ни яширин тарзда олиб киришга уринган, қашқадарёлик, 1995 йилда туғилган, М.Қ, ва уяли телефон воситасини олиб киришга уринган, урганчлик, 2003 йилда туғилган С.А ларнинг қоидабузарлиги назорат ўтказиш пунктида хизмат олиб бораётган ходимлар томонидан фош этилди.
Хива туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган, Г.А. эса бевосита имтихон жараёнида уяли телефондан фойдаланаётганлиги аниқланди.
Юқоридаги холатлар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, қоидабузар абитуриентларнинг барчаси тест синовларидан четлаштирилди.
Шу ўринда барча абитуриентлардан тест синовлари жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати