Тўй ва маросимлар касаллик ўчоғига айланмаслиги лозим
Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан карантин қоидалари бир карра юмшатилиб, тўй ва оилавий маросимларни уй шароитида кўпи билан 30 киши иштирокида ўтказишга рухсат берилган бўлсада, кундалик ҳаётимизда айрим ҳолларда тўй ва маросимларни 30 кишидан ортиқ шахслар иштирокида ўтказиш ҳолатларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан “Пайшанба –ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида аҳоли орасида тўй ва оилавий маросимларни ўтказишда карантин қоидаларига риоя қилиш бўйича профилактик ишлар олиб борилди.
Тўй ва маросимларни ўтказишда асосан хотин-қизлар турли ортиқча урф-одатларни амалга оширишга ҳаракат қилишлари боис, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари тўй ўтказишни режалаштираётган хонадон бекалари билан учрашиб, карантин қоидаларига, айниқса тўй ва маросимларга 30 нафардан ортиқ меҳмон таклиф этмаслик тартибига қатъий риоя этиш юзасидан тушунтиришлар бердилар.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, тўй ва маросимларни ўтказишда карантин қоидаларига риоя этмаслик, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати