27 Сентябр 2021 йил 632

Ўғирлик жинояти бўйича суд ҳукми эълон қилинди

2021 йил 17 август куни жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда айбланган фуқарога суд ҳукми ўқилди.

М.Р. ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилиб, 2021 йил 29 июнь куни соат 02-30ларда Қўшкўпир тумани, Кенагас қишлоғи, Кенагас маҳалласида яшовчи танишига тегишли бўлган “Nexia 3” русумли автомашина эшигини сим билан очиб, автомашина салонида бўлган  4.550.000 сўм пул ва  2100 АҚШ долларини яширин равишда талон-торож қилиб, автомашина эгасигаа жами 26.746.560 сўмлик анча миқдорда моддий зарар етказади.

Жиноят “иссиқ изидан” фош этилганлиги сабабли, ушбу шахс  ўғирланган пулларни сарфлашга улгурмаган.

Суд ҳукми билан судланувчи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, унинг айбига тўла иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, бўйдоқлиги, моддий аҳволи ва имконияти, ота-онасининг қарамоғида яшаб келаётгани, ишсизлиги, етказилган мулкий зиён тўлиқ бартараф этилганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмаганлиги инобатга олиниб, унга ойлик иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

 Шу ўринда, фуқаролардан ўзларининг шахсий буюмлари ва моддий қимматликларини автомашина салонида қаровсиз қолдирмасликларини сўраймиз. Чунки бундай эътиборсизлик ғараз ниятда бўлган шахслар учун қулай вазиятни келтириб чиқаришини унутмайлик.

 

Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир туман суди раиси А.Аминов

Text to speech