4 Ноябр 2022 йил 689

Уларга ҳавас қилишади.

Ҳалол меҳнат, тинимсиз изланиш инсонни бахтли ҳаёт сари етаклайди. Уни нурли манзилларга элтади. Лавҳамиз қахрамонлари сафдор Умидбек Матчанов ҳамда унинг турмуш ўртоғи майор Мадина Ҳимматовалар ҳам ҳаётнинг анашундай беғубор бўстони сари дадил интилаётган ёшлардан.

Ота касбини давом эттираётган сафдор Умидбек Матчанов мана олти йилдирки ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб келмоқда. У аввал вилоят ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш, кейинчалик эса Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаларида самарали хизмат қилди. Айни кунда у вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони иккинчи отрядида хизмат фаолиятини давом эттирмоқда.

Зиммасидаги вазифаларни бажаришга масъулият билан ёндошаётган бу йигит хушмуомалалиги, камтарлиги, қатъий тартиб-интизомга риоя этиши билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда. Хизмат вазифасини бажаришдаги хушёрлиги туфайли кўплаб жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга эришган. Қолаверса, содир этилган жиноятлари фош этишда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Сафдор Умидбек Матчановнинг эришган натижалари бошқарма раҳбарияти томонидан муносиб рағбатлантирилиб борилмоқда.

Унинг турмуш ўртоғи майор Мадина Ҳимматованинг ҳам ички ишлар органларида хизмат қилаётганига 9 йилдан ошди. ИИВ Академиясини тамомлаган лавҳамиз қахрамони Урганч тумани ИИБ ҲПБ Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи инспектори вазифасида хизмат фаолиятини бошлаган. Кейинчалик Шовот тумани ИИБ Кадрлар гуруҳи катта инспектори, Урганч тумани ИИБ ҲПБ ХҚМБ катта инспектор вазифаларида самарали хизмат қилди. Айни кунда у Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ 1-ИИБ ҲПБ профилактика инспектори лавозимида фаолият олиб бормоқда. Унинг зиммасига Урганч Давлат университети ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, талабалар ўртасида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишдек масъулиятли вазифалар юклатилган.

-Касбини севган киши ҳар бир дақиқанинг қадрига етиб, самарали натижаларга эришишга ҳаракат қилади,-дейди вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилноза Боғибекова.-Мадина ҳамда Умидбеклар ҳам ана шундай ажойиб фазилатга эга бўлган фидойи ходимларимиздан. Улар раҳбарият томонидан берилган ҳар бир топшириқни ўз муддатида бажариб, жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этишади. Уларнинг ҳаётдаги яна бир ютуғи оилани муқаддас, деб билишидир. Натижада бу оила вилоятимиздаги энг намунали оилалардан бири сифатида эътироф этилган.

Юртимиз осойишталигини таъминлаш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдаги фидойи хизмати учун майор Мадина Ҳимматова “O’zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining 30 yillugi” эсдалик кўкрак нишони, Ички ишлар вазирининг эсдалик қўл соати, ота-онасига “Ташаккурнома” ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланган.

Оилада эр-хотиннинг истаклари, орзу-умидлари бир мақсадга йўналтирилса, у қўрғон мустаҳкам бўлиб, фарзандлар комил инсон бўлиб вояга етади. Лавҳамиз қахрамонлари ҳам бир бирлари билан аҳил-иноқ яшаб, оила мустаҳкамлигига, фарзандлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратишмоқда.

 

                                                                          Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                  “Postda” мухбири.

Text to speech