Урганч шаҳрида фаол хотин-қизлар ҳамкорлигини кучайтириш белгилаб олинди
Жорий йилнинг 14 октябрь куни Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси, Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ва шаҳар ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар масалалари бўлими ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 март кунидаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг Урганч шаҳридаги ижроси муҳокама қилинди.
Хусусан, шаҳарда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлигини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда шаҳар ҳокимлиги, ички ишлар бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғишларининг ўзаро ҳамкорлиги атрофлича таҳлил этилиб, келгусида бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтириш истиқболлари белгилаб олинди.
Маҳаллада яшовчи, оилавий низолар сабабли “ҳимоя ордери” берилган хотин-қизларнинг ҳимоя ҳуқуқи бузилишининг олдини олишда ички ишлар бўлимига яқиндан ёрдам бериб келаётган маҳалла фуқаролар йиғини аёллар фаолларига миннатдорчилик билдирилди.
Шунингдек йиғилишда иштирок этган Хоразм вилояти ИИБ масъул ходими майор Э.Сафаев хотин-қизлар ўртасида одам савдоси ва диний эктремизм билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш борасидаги ишлар юзасидан батафсил тушунтириб ўтди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати