14 Декабр 2020 йил 718

Урганч шаҳрида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Қўл жанги” бўйича республика чемпионати бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний тайёргарлигини ошириш, ходимлар ўртасида спортни янада оммалаштириш, халқаро миқёсдаги мусоқабаларда иштирок этувчи спортчилар захирасини ички ишлар органларининг муносиб ходимлари ҳисобидан бойитиш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари ўртасида спортнинг турли йўналишлари бўйича чемпионатлар ўтказиб келинмоқда.

Бу борадаги амалий чора-тадбирларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг Фармойишига асосан жорий йилнинг 13-17 декабрь кунлари республика ички ишлар органлари ходимлари ўртасида спортнинг “Қўл жанги” тури бўйича ўтказилиши белгиланган чемпионатни ҳам киритишимиз мумкин.

Мазкур чемпионатга қадимий ва навқирон Хоразм вилояти мезмонлик қилмоқда.

13 декабрь куни Урганч шаҳрига етиб келган иштирокчилар дастлаб тиббий кўрикдан ўтказилиб, вазнлари ўлчанди.

14 декабрь куни Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида “Қўл жанги” мусобақасининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Спорт ишқибозлари билан тўлган мазкур мажмуада республиканинг барча ҳудудий ички ишлар органлари ва Вазирликнинг соҳавий хизматлари шахсий таркибидан саралаб олинган 20 та иштирокчи жамоа вакиллари саф тортишди.

Тантанали тадбирни Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларга мусобақа жараёнида омад ёр бўлишини тилади.

Анъанага кўра мусобақа ёш спортчиларнинг намунавий чиқишлари билан бошланди. Унда ИИВ Хоразм академик лицейининг ўқувчилари ҳамда “Динамо” Жисмоний тарбия ва спорт жамияти қошидаги спорт тўгаракларида таҳсил олаётган ўғил-қизлар ўзларининг иқтидорларини намойиш этишди.

Шундан кейин чемпионат беллашувларига старт берилди. Бунда дастлаб иштирокчиларнинг “Қўл жанги” усулларини қай даражада ўзлаштирганлиги мусобақа ҳакамлари томонидан баҳоланди.

Чигалёзди машқларини бажарган иштирокчилар қуръага кўра гиламга чиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, 8 вазн тоифасида беллашувчи, 20 та терма жамоада таркибидаги 160 нафар ички ишлар органлари ходимлари иштирокидаги мазкур чемпионат жорий йилнинг 17 декабрь кунига қадар давом этади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech