4 Апрел 2023 йил 256

Урганч шаҳрида спортнинг футбол тури бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазири кубоги учун ўтказилаётган мусобақанинг минтақавий саралаш босқичи бошланди

Ўзбекистан Республикаси Президентининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Қарори ижросини таъминлаш ҳамда ички ишлар органларида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш. шунингдек, жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирининг Вазирлик таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида футбол спорт тури бўйича “Вазир кубоги” мусобақасини ўтказиш тўғрисидаги буйруғига асосан жорий йилнинг 4 апрель куни Урганч шаҳрида мусобақанинг минтақавий саралаш гуруҳ босқичига старт берилди.

Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасининг футбол майдонида мусобақанинг очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда мусобақанинг “А” гуруҳидан ўрин олган Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Навоий вилояти ИИБ, Транспорт ва туризм объектларида  хавфсизликни таъминлаш департаменти, Қоровул Қўшинлари Қўмондонлиги ҳамда Хоразм вилояти ИИБ терма жамоалари иштирок этди.

Тадбирда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Абдувохид Имяминов ва ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати масъул ходими подполковник Озодбек Насимовлар сўзга чиқиб, мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад ички ишлар органларида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб килиш, шахсий таркиб ўртасида спортнинг футбол турини оммалаштириш, энг асосийси ходимларнинг жисмоний фаоллигини оширишдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси ижро этилгач мусобақани бошлаш тўғрисида ҳакамнинг хуштаги чалинди.

Дастлаб, мезбон жамоа ҳисобланган Хоразм вилояти ИИБ ва Навоий вилояти ИИБ терма жамоалари вакиллари майдонга тушдилар.

Мусобақалар 4-5 апрель кунлари Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасининг футбол майдонида бўлиб ўтади. Футбол ишқибози бўлган юртдошларимизни жамоалар ўртасидаги қизиқарли ва муросасиз беллашувларни томоша қилишга таклиф қиламиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech