Урганч шаҳрида талабалар билан учрашув бўлиб ўтди
Мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларни маънавиятимизга ёт ғоялар таъсиридан сақлаш ҳамда уларда жиноят ва ҳуқуқбузарликка қарши муросасизлик ҳиссини шакллантириш орқалигина келгусида жамият учун фойдали кадрлар етишиб чиқишини таъминлаш мумкин.
Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг масъул ходимлари айни кунларда вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид учрашувлар ва давра суҳбатларини ўтказиб келмоқдалар.
Ана шундай учрашувлардан навбатдагиси Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали талабалари билан бўлиб ўтди.
“Зўравонликка қарши 16 кун” ва “Янги Ўзбекистонни юксак билим ва заковатга эга ёшлар билан биргаликда қурамиз”, “Таълим тизимида зўравонлик (буллинг) профилактикаси” номли мавзулар асосида ташкил этилган давра суҳбатида вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари подполковник Д.Боғибекова томонидан талабаларга хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борада қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид тушунчалар берилган бўлса, Хоразм вилояти ИИБ масъул ходими Э.Сафаев ва Урганч тумани Бош имомининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси А.Тўраевалар эса диний мутаассиблик, унинг кўринишлари, шунингдек одам савдоси жиноятидан жабрланган хотин-қизларнинг тақдири тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Шунингдек, талабаларга интернет ва ундаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан тўғри фойдаланиш юзасидан ҳам зарур тавсиялар берилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати