“Urganch xalqaro aeroporti” МЧЖда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мулоқот бўлиб ўтди
Хоразм вилоятида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга масъул бўлган идора ва ташкилотлар мутасадди вакиллари томонидан “Uzbekistan Airports” АЖ га қарашли “Urganch xalqaro aeroporti” МЧЖ да хизмат қилувчи хотин-қизлар билан давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида Хоразм вилояти ИИБ ҲПБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари майор Д.Боғибекова сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ва ҳамкор ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тушунтириб ўтди.
Давра суҳбати иштирокчилари шунингдек ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олдилар.
Келгусида бу каби давра суҳбатларини барча меҳнат жамоаларидаги хотин-қизлар иштирокида ўтказиш белгилаб олинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати