Устоз мурувватли бўлса....
Боғот тумани ички ишлар бўлимида ходимларнинг касбий маҳорати ҳамда жанговар шайлигини ошириш, дунёқарашини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бўлимда бу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда устоз-шогирд анъанасидан унумли фойдаланиляпти.
-Устоз қанчалик мурувватли, маърифатли бўлса, шогирд комил инсон бўлиб вояга етади,-дейди туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, майор Зафар Бекчанов.-Юртимиз ривожига, халқимиз фаровонлигини таъминлашга нафи тегадиган фидойи инсонлардан бирига айланади. Шундай экан, хизматга янги қабул қилинган ёш ходимда касб кўникмасини шакллантиришда, фахрийларимизнинг бой ҳаётий тажрибасини, ибратли ҳаёт йўлини кенгроқ ўргатиб боришда мураббийларимиз тажрибасидан самарали фойдаланмоғимиз лозим. Ана шундагина кўпни кўрган, ҳаётнинг пасту-баландини англаб етган устоз-мураббийлар қўлида сабоқ олган ёш ходимлар халқимизнинг чинакам мард ва жасур посбонлари бўлиб етишишади. Бундай масъулиятли вазифани амалга оширишда подполковниклар Баҳодир Каримов, Эргаш Оллаберганов, майорлар Мурод Зарипов, Асқар Саидов, Зокир Бакиев, капитан Одилбек Жуманиёзов сингари кўплаб жонкуяр устозларимиз фидойилик билан хизмат қилишмоқда.
Тажрибали устоз сабоқларини олган шогирд ўзининг эзгу ва хайрли ишлари билан унинг ҳаёт йўлини янада бойитади. Халқимизнинг унга бўлган меҳр-мурувватини, ишончини янада оширади. Туман ички ишлар бўлимида хизмат қилаётган катта лейтенантлар Нодир Қобулов, Санжар Усмонов, лейтенантлар Зокир Рўзметов, Камрон Аминов, Шерзод Озодов, кичик сержант Акром Абдуллаев каби кўплаб ёш ходимлар ана шундай эътирофга муносиб бўлган ёшлардир.
-Хизмат фаолиятимни бошлаган дастлабки кунларда бироз бўлса-да қийинчиликларга дуч келдим,- дейди туман ИИБ ҲПБ ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, лейтенант Шерзод Озодов. - Ана шундай кунларда устозинг чинакам дўстинг, қадрдонинг, суянчиғинг бўларкан. Буни хизмат фаолиятим давомида ҳис қилдим ва устозимнинг насиҳатларига, ўгитларига қатъий амал қилдим. Натижада кўплаб маънавий-маърифий тадбирларда, кўрик-танловларда иштирок этиб, ижобий ютуқларга эришдим. Ёш ходимлар ўртасидаги хизмат фаолиятга оид рейтинг кўрсаткичим ҳам анчагина салмоқли бўлди. Бундай ютуқларни қўлга киритишимда устозим, майор Мурод Зариповнинг муносиб ҳиссаси бор.
Ички ишлар бўлимида бой ҳаётий тажрибага эга бўлган устоз-мураббийларнинг ёш ходимлар билан ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилгани боис, барча соҳавий хизматларда ижобий ютуқларга эришилмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” газетаси мухбири