2 Август 2021 йил 753

Ўзаро ҳамкорлик - муаммолар ечимининг самарали усули

Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар мутлақо янги тизимда олиб борилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Ушбу янги тизимнинг ўзига хос жиҳатларидан бири бу хотин-қизлар муаммосини ўрганиш ва бартараф этиш эндиликда биргина ташкилотнинг вазифаси бўлиб қолмай, жамиятимиздаги барча давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги асосида амалга оширилмоқда.

Хусусан, хотин-қизлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар хотин-қизлар қўмитаси ва ҳудудий ички ишлар органлари ҳамкорлигида амалга ошириб келинмоқда.

Хоразм вилояти Ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Г.Қурбанбаева ва вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари майор Д.Боғибекова ҳамда Гурлан тумани ИИБ масъул ходимлари ҳамкорлигида Гурлан туманида ўтказилган профилактик учрашув ҳам айнан туманда хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилди.

Учрашувда Гурлан тумани Навбаҳор маҳалласида жойлашган ётоқхонада вақтинчалик истиқомат қилиб келаётган хотин-қизларнинг муаммолари ва ўзаро низоли ҳолатлари муҳокама қилинди.

Муҳокама якунига кўра ушбу ётоқхонада яшовчи хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини доимий равишда ўрганиб бориш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам бериш борасида Гурлан тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг 1-ўринбосари ва туман ИИБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори масъул этиб бириктирилди.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech