Вазир ўринбосарининг Хоразм вилоятида сайёр қабули бўлиб ўтди
Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадида Хоразм вилоятида Президент Администрацияси, халқ қабулхоналари, суд, Судьялар олий кенгаши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимлари иштирокида сайёр оммавий қабуллар ўтказилмоқда.
Жумладан, сайёр оммавий қабуллар 28 апрель куни Шовот, Гурлан ва Янгибозор туманлари аҳолиси учун Шовот тумани истироҳат боғида ҳамда Хива шаҳри ва Хива, Қўшкўпир, Янгиариқ туманлари аҳолиси учун Хива шаҳридаги “Огаҳий” ижод мактаби биносида бўлиб ўтди.
Бугун бўлиб ўтган сайёр оммавий қабулда республика суд-ҳуқуқ соҳаси раҳбарияти билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзараҳимов ҳам иштирок этиб, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган мурожаатларини ўрганди.
Мурожаатлар асосан ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш, хизматга қайта тиклаш, шунингдек, ички ишлар органлари иш юритувида бўлган ҳужжатларнинг қонуний ҳал этишга оид масалаларидан иборат бўлди.
Ҳар бир мурожаатнинг тегишли тартибда ўрганиб чиқилиши ва қонуний қарор қабул қилиниши қатъий назоратга олинди.
Хоразм вилояти аҳолиси учун оммавий сайёр қабуллар 29 апрель куни ҳам давом этади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати