5 Март 2021 йил 595

Вазир ўринбосарининг Хоразм вилоятида сайёр қабули давом этмоқда

Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадида Хоразм вилоятида Президент Администрацияси, халқ қабулхоналари, суд, Судьялар олий кенгаши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимлари иштирокида сайёр оммавий қабуллар ўтказилаётганлиги тўғрисида илгари хабар берган эдик.

Сайёр оммавий қабуллар 5 март куни Тупроққалъа ва Ҳазорасп туманлари аҳолиси учун Ҳазорасп туманидаги 13-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида ҳамда Хонқа, Боғот, Янгиариқ туманлари аҳолиси учун Хонқа туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтди.

Бугун бўлиб ўтган сайёр оммавий қабулда республика суд-ҳуқуқ соҳаси раҳбарияти билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзараҳимов ва ИИВ Кадрлар бош бошқармаси масъул ходими подполковник А.С.Иномовлар ҳам иштирок этиб, фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ бўлган мурожаатларини ўргандилар.

Мурожаатлар асосан ички ишлар органлари хизматига қабул қилиш, хизматга қайта тиклаш, шунингдек, ички ишлар органлари иш юритувида бўлган ҳужжатларнинг қонуний ҳал этишга оид масалаларидан иборат бўлди.

Ҳар бир мурожаатнинг тегишли тартибда ўрганиб чиқилиши ва қонуний қарор қабул қилиниши қатъий назоратга олинди.

Хоразм вилояти аҳолиси учун оммавий сайёр қабуллар 6 март куни Урганч шаҳрида давом этади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech