Хива шаҳрида ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда
Хива шаҳрида “Одам савдосидан жабрланганларни идентификация ва реабилитация қилиш, ҳамда уларга тергов ва суд жараёнларида психологик ҳамроҳлик қилиш” мавзусида минтақавий семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 19-21 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган ушбу семинар-тренингда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро ва Хоразм вилоятларида фаолият юритаётган ННТ (нодавлат, нотижорат ташкилотлари) ва давлат ижтимоий хизматлари психологлари ва ижтимоий ходимлари иштирок этиши назарда тутилган.
Семинар-тренингнинг дастлабки кунида Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг одам савдосига қарши курашиш йўналишида фаолият олиб бораётган масъул ходимлари ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон Республикасининг одам савдосига қарши кураш ва одам савдосидан жабрланганларни руҳий реабилитация қилишни таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчилиги, одам савдосидан жабрланган ёки одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш, одам савдоси ҳодисаси, Ўзбекистон Республикасида одам савдосидан жабрланганларни психологик-ижтимоий реабилитация қилиш бўйича амалий чоралар, одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация марказида одам савдоси жабрдийдаларига психологик ҳамроҳлик қилиш, Дамитау ташкилотининг мисолида одам савдосидан жабрланганларга замонавий психотерапия усулларини қўллаш мавзуларида ўзаро фикр алмашдилар.
Шунингдек, ИИВ масъул ходимлари томонидан бугунги кунда республикамизда одам савдосига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Шунингдек семинар-тренинг давомида тергов ва жиноий ишни кўриб чиқиш жараёнида одам савдосидан жабрланганларга психологик ҳамроҳлик қилишнинг концептуал асослари ва ёндашувлари ҳамда ҳамроҳлик қилишни ташкил этиш каби масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати