8 Сентябр 2022 йил 588

Хива шаҳрида “Қовун сайли”  тадбирининг хавфсиз ўтиши таъминланди

Сўнгги йилларда Хоразм вилояти ҳудудида халқаро кўргазма ва ярмаркалар, кўплаб илмий-амалий конференциялар, турли сайллар, фестиваллар, байрам кечалари ўтказилиши анъанага айланиб бормоқда. Ушбу тадбирларда вилоятга ташриф буюраётган маҳаллий ҳамда чет эллик сайёҳлар ҳам иштирок этиб, унутилмас таассуротларга эга бўлишяпти.

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Хива шаҳрининг “Ичан қалъа” туризм намойиши объекти ҳудудида “Гурвак-Хоразм қовунчилиги рамзи” кўргазмаси ташкил этилди. Анъанавий тарзда ўтказилган мазкур “Қовун сайли”да  вилоятнинг деҳқон ва фермер хўжаликлари, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар иштирок этишди.

-Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, Хоразм қовунчилик тажрибасини кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳларни юртимизга кенг жалб қилиш, уларни тарихимиз, қадимий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, миллий қадриятларимиз билан яқиндан таништиришдан иборатдир,-дейди вилоят ИИБ ХТТБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Марат Худойберганов.-Кўтаринки руҳда ўтган мазкур тадбир ана шу эзгу мақсадларни ўзида мужассам эта олди.

“Қовун сайли”да вилоятнинг фольклор-этнографик гуруҳлари, ёш эстрада хонандаларининг чиқишлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, гуллар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ҳам ташкил этилди.

-Ўзбекистонни байрамларга бой давлат сифатида кашф қилдим,-дейди испаниялик сайёҳ Saenz Yustes Evamaria.-Мамлакатингизда ўтказилаётган ҳар бир тадбирда байрамона руҳни сезиш мумкин. “Қовун сайли” эса ана шундай қувончли онларга, бетакрор лаҳзаларга бой бўлди. Бундай тантанада қатнашганимдан жуда бахтиёрман.   

Тадбир давомида вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳамда чет эллик сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда хорижий туристларни қизиқтирган саволларга батафсил тушунтиришлар ҳам бериб боришди.

Хуллас, “Қовун сайли” барча-барчада унутилмас таассуротлар қолдирди.

 

                                                                            Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                                     “Postda” мухбири.

Text to speech