9 Январ 2021 йил 902

Хива шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”да ватанпарварлик тадбири бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ҳарбий ватанпарварлик ойлиги давом этмоқда.

Мазкур ойлик доирасида мамлакатимиз Қуролли Кучлари таркибига кирувчи органлар томонидан турли маданий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг таркибий ва ҳудудий тузилмалари томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ички ишлар органларининг ижобий имижини ошириш ҳамда тизимдаги куч ва воситаларнинг салоҳиятини намойиш қилиш мақсадида умумтаълим мактаблари, меҳрибонлик уйлари, лицейлар ва олий ўқув юртларида кўргазмали чиқишлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан навбатдагиси вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ томонидан Хива шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”да ўтказилди.

Тадбирда Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси шахсий таркиби томонидан хизматда фойдаланиб келинаётган хизмат автомобилларидан тортиб, скутер, сигвей ва айрим турдаги махсус воситалар намойиш этилди.

“Болалар шаҳарчаси” тарбияланувчиларининг махсус транспортлар билан яқиндан танишишига имконият берилди.

Айниқса, ППХ ва ЖТСБ Кинология хизмати ходимлари томонидан хизмат итлари ёрдамида намойиш этилган кўргазмали чиқишлар болажонларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида “Болалар шаҳарчаси” га ички ишлар органлари ходимлари ўзларининг совғаларини топширдилар.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech