2 Феврал 2021 йил 738

Хива туманида содир этилган жиноят жамоатчилик иштирокида муҳокама этилди

Содир этилган ҳар қандай жиноятни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш, келгусида бу каби жиноятларни олдини олиш ва жамиятда жиноятчиликка муросасизликни оширишда ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Хоразм вилоятида содир этилган жиноятлар Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниши қатъий йўлга қўйилган.

Жумладан, жорий йилнинг 31 январь куни Хива шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро Н.Х. томонидан Хива туманининг “Отажон тўра” маҳалласида содир этилган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмида (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) кўрсатилган жиноят 1 февраль куни мазкур маҳаллада кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.

Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, Хива тумани прокуратураси ва ИИБ масъул ходимлари, мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг ўринбосарлари ҳамда маҳаллада яшовчи бир гуруҳ фуқаролар иштирокида ушбу жиноятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитлар, жиноятни барвақт олдини олиши лозим бўлган, лекин бу борада сусткашликка йўл қўйган мутасадди шахсларнинг фикр мулоҳазалари, ҳисоботлари тингланиб, уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди.

Муҳокама якунида, аҳолининг дахлдорлиги ва огоҳлигини ошириш мақсадида  мазкур маҳалланинг кириш йўлига “Мазкур маҳаллада жиноят ошган”, “Биз жиноят содир этган ҳар қандай шахсдан нафратланамиз” сўзлари қайд этилган  кўргазмали баннерлар ўрнатилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech