Хизмат фидойилари: Фахрли касб эгаси
Илҳомбой аканинг касби ҳайдовчи. У инсонларнинг узоғини яқин қилувчи, ўзига ишонилган юкларни манзилга ўз вақтида, беталофат етказувчи фахрли касб эгаси. Зотан унинг ўзи ҳам касбим-фахрим, ифтихорим, дейишни хуш кўради.
Хоразм вилояти ИИБ хўжалик бўлими эркин ёлланган ҳайдовчиси Илҳомбой Юсупов бу сўзларни ўзининг 40 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига таяниб айтади. У йигирма ёшида ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлига олиб, Урганч шаҳридаги 2534-сонли автокорхонада ҳайдовчи бўлиб ишлай бошлади. Шу йили уни ҳарбий хизматга чақиришди. Икки йил давом этган ҳарбий хизмат унинг учун катта ҳаёт имтиҳони бўлди. Бу ерда у дастлаб бир ойлик ҳайдовчилик курсини тугатди. Кейин полк командирининг хизмат автомашинасини бошқарди. Ҳарбий хизматдан қайтгач, яна ўзи иш бошлаган автокорхонага келди. Орадан бир йил ўтгач, яъни 1993 йилда Илҳомбой Юсупов вилоят ички ишлар бошқармасининг хўжалик бўлимига эркин ёлланган хизматчи лавозимига ишга қабул қилинди ва турли русумдаги хизмат автомобилларини бошқарди.
Етарли тажриба ва маҳоратга эга бўлган бу йигит узоқ йиллар вилоят ИИБ хўжалик бўлимидаги “КАВЗ”, “Пинвинг” автобуслари, “ЗИЛ-130” юк машинасини ҳам бошқарди. Пойтахтдан вилоят ички ишлар органлари учун зарур бўлган турли юкларни вилоятга ўз вақтида ва беталофат етказди. Баъзан автобус рулига ўтириб, ходимларни Янгиариқ туманидаги “Шўркўл” массивида жойлашган ўқув-дала полигонига, саёҳатларга, мажлис ва бошқа тадбирларга ташиди.
Лавҳамиз қахрамони айни кунларда ҳам танлаган касбига меҳр қўйиб, фидойилик билан хизмат қилмоқда. У ғайрат-шижоати, ўз касбига садоқати, ҳамкасбларига ғамхўрлиги, тартиб-интизоми билан раҳбариятнинг ишончини қозонди. Ҳамкасбларининг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Бу фидойилиги туфайли ИИВ ҳамда вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан бир неча бор рағбатлантирилди.
-Ҳадиси шарифда оила муқаддас, саналган,-дейди вилоят ИИБ Хўжалик бўлинмаси бошлиғи, майор Шодлик Бобожонов. -Буни яхши англаган Илҳомбой ака турмуш ўртоғи Ўғилжон опа билан бир ўғил, икки қиз ва 4 нафар неварани комил инсон қилиб тарбиялаб, оила мустаҳкамлиги, тинч ва тотувлигига алоҳида эътибор беришяпти. Ўғли кичик сержант Санжарбек миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси сафида хизмат қилмоқда. Қизлари Шохноза ва Дилнозалар ҳам жамиятимизнинг турли соҳаларида фидойилик билан меҳнат қилишяпти. Хуллас, фахрланса арзийдиган, энг намунали оилалардан бири.
Яқинда Илҳомбой Юсупов 60 ёшни қаршилади. Вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Д. Назармухамедов касбининг чинакам фидойиси бўлган бу инсонни қутлуғ ёши билан самимий қутлади. Тадбирда иштирок этган Илҳомбой аканинг ҳамкасблари, шогирдлари ҳам ўзларининг эзгу тилакларини, дил изҳорларини билдиришди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири