Хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя қилишни таъминлаш - қатъий мақсадимиз
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар янада кучайтирилди. Хусусан, давлат бошқаруви органларида бу борада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳар бир ходимнинг хизмат интизоми ва қонунчиликка оғишмай риоя қилишига эришиш мақсадида аниқ йўналтирилган манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг барча соҳавий ва ҳудудий органларида хизмат қилаётган шахсий таркибнинг коррупцияга қарши мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти, шунингдек Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ва унинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўтказилаётган йиғилишлардан кўзланган мақсад ҳам юқоридаги чора-тадбирларнинг узвий қисмидир десак муболаға бўлмайди.
Йиғилишда сўзга чиққан масъул ходимлар айни кунларда ички ишлар органлари тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ тартиб ва йўналиш ҳамда мувофиқлаштириш-назорат тизимини белгиловчи ички идоравий ҳужжат қабул қилинаётганлиги, бундан ташқари хизмат интизомини таъминлашга қаратилган профилактик тадбирларнинг кучайтирилиши, ходимлар ўртасида қайд этилаётган коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар белгиланиши тўғрисида тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини ошириш юзасидан ИИВ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган “Хиёнат” номли видеофильм шахсий таркибга намойиш этилди. Шу билан биргаликда коррупциянинг салбий оқибатлари акс этган буклетлар ҳам ходимларга тарқатиб чиқилди.
Эндиликда шахсий таркибнинг коррупцияга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида уларнинг “ҳалоллик қасамёдини” қабул қилиши ва ҳар бир ички ишлар органларининг кириш қисмига пора олиш ва бериш ёки унда воситачилик қилиш жиноятининг ҳуқуқий оқибатлари акс этган “Коррупцияга қарши кураш” бурчаклари ташкил этилиши белгилаб олинди.
Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад янги Ўзбекистонга хос бўлган “маънавият ва билим билан қуролланган” замонавий ички ишлар органларининг ходимларини “инсон қадри ҳимоячилари” қилиб шакллантиришдир.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати