22 Сентябр 2020 йил 745

Хонадон карантинга олинса қандай қоидаларга риоя қилиш лозим?

Бугун маҳалла ва кўчаларда юрганимизда айрим хонадонлар эшигига “Хонадон карантинга олинган!” деган ёзув ёпиштирилганлигига кўзимиз тушади.

Хўш, ушбу ёзувлар қандай маънони англатади?

Барчамизга маълумки айни кунларда бутун дунё мамлакатларидаги каби юртимизда ҳам коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш ишлари  кенг миқиёсда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиянинг жорий йил 24 июлдаги 37-сон йиғилиш баёнида профилактика инспектори, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси ва маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари томонидан коронавирусга чалинган бемор хонадони карантинга олиниши ва ушбу хонадонларга профилактика инспектори ёки маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари томонидан юқоридаги расмда акс эттирилган белги ўрнатилиши қайд этилган.

Шунингдек, мазкур баёнда профилактика инспектори карантинга олинган хонадонларни назорат қилиш бўйича қуйидагиларни, яъни ҳар куни белгиланган вақтларда маъмурий худудда жойлашган карантинга олинган хонадонларни ўрганиб чиқиши, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда миллий гвардия ходимлари билан биргаликда карантинга олинган хонадонларга қоидаларга риоя қилган ҳолда эслатма варақасини тарқатиши ҳамда кун давомида зарурат бўлганда ушбу хонадон эгаси билан телефон орқали боғланиб вазиятни ўрганиб бориши кабилар белгилаб қўйилган.     

Карантинга олинган хонадонда даволанаётган беморлар ва улар билан мулоқотда бўлган шахсларга нисбатан  махсус комиссия томонидан тавсия этилган энг асосий қоидалардан бири эса кўчага чиқмаслик ва меҳмон чақирмасликдир.

Карантинга олинган хонадонларда истиқомат қилувчи шахсларнинг  қоидаларга риоя қилишларини ички ишлар органининг ҳудудий профилактика инспектори назорат қилади ва уларга бу борада  маҳалла фуқаролар йиғини раиси, кўчабоши ва уйбошилар амалий ёрдам беришади.

Карантин қоидаларига риоя этмаган фуқаролар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Шундай экан, юртдошларимиздан яна бир бор карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қоламиз.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech