Хоразм вилояти божхона бошқармасида "25 ноябрь - Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни" муносабати билан семинар бўлиб ўтди
Зўравонликнинг ҳар қандай тури инсон ҳуқуқларига қарши жиноятдир ва бу ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. "25 ноябрь - Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни" муносабати билан Хоразм вилояти божхона бошқармаси Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти ташаббуси билан вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси бошлиғининг Хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Дилноза Боғибекова иштирокида “Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаймиз!” мавзусида бошқарма шахсий таркиби билан давра суҳбати ўтказилди.
Шуни алоҳида айтиш лозимки, дунёдаги давлатларнинг кам қисми аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги қонунларни қабул қилган. Бу борада Ўзбекистон “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни қабул қилган саноқли давлатлар қаторига киради. Бу қонунлар давлат ва бошқа тегишли ташкилотларни аёллар зўравонлигига қарши курашиш ва уларга барҳам беришга чақиради.
Тадбирда гендер зўравонликнинг кўринишлари, яъни руҳий, жисмоний ва иқтисодий зўравонлик бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, аёлларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари бўйича етарли билимга эга бўлиши зарурлиги юзасидан маърузалар қилинди.
Шунингдек, аёлларга нисбатан зўравонлик ва репродуктив ёшидаги аёллар ўлими ва уларнинг меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолишининг муҳим сабаблари, зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери қай тартибда берилиши ҳусусида маълумот берилди.
– Фурсатдан фойдаланиб, агар Сиз атрофингиздаги ана шундай аёллар тақдиридан хабардор бўлсангиз, бефарқ бўлмаслигингизни сўраймиз, бизга мурожаат қилинг ва биз биргаликда муаммонинг ечимини топамиз”, дея давра суҳбатини якунлади – Дилноза Боғибекова.
Зеро, инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун.
Лайло Ғаниева
Хоразм вилояти божхона
бошқармаси Хотин-қизлар
бошланғич ташкилоти етакчиси