19 Апрел 2022 йил 521

Хоразм вилоятида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар фош этилди

Бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири бу гиёҳвандлик воситаларидир десак муболаға бўлмайди. 

Шу боис мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ томонидан вилоят ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан,  2022 йил 5 апрель куни Қўшкўпир туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида туманнинг “Иттифоқ” маҳалласида яшовчи, 1957 йилда туғилган Х.О. соф вазни 0.03 грамм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситасини 400 000 сўмга сотган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, Урганч шаҳрида яшовчи,  1997 йилда туғилган Б.О. Урганч туманида яшовчи, танишлари 1996 йилда туғилган Ж.К., М.А., лар билан жиноий тил бириктириб, 2022 йил 14 апрель куни Урганч шаҳар “Бобур” маҳалласи ҳудудида вазни 1.26 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 1 000 000 сўмга сотган пайтида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.

Бундан ташқари, 2022 йил 15 апрель куни Хоразм вилояти ИИБ ва Тупроққалъа тумани ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, Тупроққалъа тумани “Шарлаук” маҳалласи худудида харакатланиб келаётган “Nexia” русумли автомашина тўхтатилиб, ушбу автомашинада келаётган йўловчи, Ҳазорасп туманида  яшовчи, 1970 йилда туғилган Ф.А. нинг ёнлари холислар иштирокида кўздан кечирилганида, чўнтагида 0,15 гр “героин” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган. Суриштирув жараёнида у ушбу гиёҳвандлик воситасини Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган С.М. дан сотиб олганлиги маълум бўлди.

Келтириб ўтилган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech