21 Сентябр 2022 йил 521

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида жорий йил 21 сентябрь куни  ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун навбатдаги матбуот анжумани ташкил этилди.

Бу галги матбуот анжумани “Хоразм вилояти ички ишлар органлари томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” ва “Йўл ҳаракати хавфсизлигини намунали тарзда ташкил этишнинг устувор йўналишлари бўйича ташкилий чора-тадбирлар” мавзуси доирасида режалаштирилганлиги боис, журналист ва блогерларнинг саволларига Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари томонидан батафсил жавоб берилди.

Шунингдек матбуот анжумани доирасида Хоразм вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари подполковник Д.Боғибекова  иштирокчилар эътиборига вилоятимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил тушунтириб ўтган бўлса, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари майор Н.Саидов вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.

Ўз навбатида барча блогер ва журналистлар вилоятимизда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини аҳоли эътиборига етказиш борасида ҳамкорликка таклиф қилинди.

Ижтимоий тармоқ блогерлари матбуот анжумани давомида муҳокама қилинган холатлардан келиб чиқиб эндиликда кенг жамоатчилик ўртасида йўл ҳаракати қоидаларини ҳамда вилоятимизни жиноят ва ҳуқуқбузарликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасидаги профилактик чора-тадбирларни тарғиб этиш борасида ҳам фаол қатнашишларини таъкидлаб ўтдилар.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech