Хоразм вилояти ички ишлар органлари масъул ходимлари учун семинар-тренинг ўтказилди
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилишни, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилишини, шунингдек бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.
Ўз навбатида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик ва айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига асосланади.
Ички ишлар органлари томонидан ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар юзасидан қарорлар қабул қилинади.
Шуни инобатга олган ҳолда, 2021 йил 26 январь куни Хоразм вилояти судида вилоятдаги барча шаҳар-туман ички ишлар бўлими бошлиғининг профилактика бўйича ўринбосарлари ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиқлари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Унда Хоразм вилояти судининг раиси Б.Полвонов ва вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник С.Раҳимовлар бугунги кунда ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш юритиш амалиётида йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисида тўхталиб, келгусида бу каби камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур тавсияларни бердилар.
Семинар-тренингда билдирилган фикрлар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати