29 Июн 2022 йил 460

Хоразм вилояти ИИБ аёл ходималари ўртасида пазандалик кўрик-танлови бўлиб ўтди

Бугунги кунда Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат қилувчи хотин-қизлар сафи анча кўпайган. Бу албатта жамиятимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Ўз навбатида тизимда хизмат қилиб келаётган аёл ходималарни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларни маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги кўрик-танлов ҳам айнан аёл ходималарнинг маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режасига асосан амалга оширилди.

Шуниси эътиборга моликки ушбу кўрик-танлов куни кеча Ҳалқаро Ислом ташкилоти томонидан Ислом дунёсининг 2024 йилдаги туризм пойтахти деб эълон қилинган қадимий ва навқирон Хива шаҳрида ўтказилди.

30 июнь – Ёшлар куни  муносабати билан уюштирилган “Пазанда ходима аёл” номли кўрик-танловда ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган 30 ёшгача бўлган хотин-қизлардан иборат 4 та жамоа иштирок этди.

“Бибихоним”, “Тўмарис”, “Барчиной” ва “Розия Отажанова издошлари” деб номланган ҳар бир жамоа таркибида уч нафардан бирлашган ҳамкасб дугоналар ўзларининг пазандалик қобилиятларини намойиш этдилар.

“Хоразм ошини пишириш”, “Салат тайёрлаш” ва “Байрамона дастурхон тузатиш” шартлари бўйича ўзаро беллашган аёл ходималарнинг эпчиллиги, орасталиги, пазандалиги ва дастурхон безатиш борасидаги маҳорати нафақат ҳакамлар ҳайъатини шу билан биргаликда Хива шаҳрини саёҳат қилиб юрган ҳорижлик сайёҳларнинг ҳам юксак эътирофига сазовор бўлди.

Таъми оғизда қоладиган даражада тайёрланган ош ва салатлар сайёҳларга ҳам улашилди.

Ўзбекистон ички ишлар органлари тарихидаги биринчи аёл ходима бўлган Розия Отажанова издошлари сифатида бирлашган жамоа вакиллари томонидан тайёрланган овқат ва салатлар ҳамда байрамона безатилган дастурхон ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак баҳоланди ва кўрик-танлов ғолиби деб топилди.

Иштирокчилар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech