Хоразм вилояти ИИБ да 18 май – Халқаро музейлар куни муносиб нишонланди
1977 йилдан буён дунёда анъанавий тарзда 18 май - “Халқаро музейлар куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу ҳақда “Халқаро музейлар маслаҳати” (International Council of Museums, ICOM) ташкилотининг 1977 йилдаги йиғилишида қарор қабул қилинган.
Музейлар бу аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, у йиллар давомида бойиб, тўлиб боради.
Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ташаббуси билан ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг сана муносабати билан Урганч шаҳридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташрифи уюштирилди. Урганч давлат университети тасарруфидаги ушбу музей экспонатлари Хоразмнинг ўтмиши ва бугунги кунини бевосита боғлайди десак муболаға бўлмайди.
Музейлар фақатгина маданий қадриятлар намойишигина бўлиб қолмасдан, улар бизни ўтмиш саёҳатига чорловчи йўлчи юлдуз ҳамдир. Мазкур музей ҳам анча йиллардан буён ташриф буюрувчиларни мамнун қилиб келмоқда. Музейлар маънан бойиб, мунтазам кенгайиб боради. Шу боисдан ҳар бир давлат тараққиёт сари одимлар экан, доимо тарихга назар ташлаб, мавжуд урф-одатлар, анъаналар ҳамда қадимий ёдгорликларни ўрганишга ва сақлашга интилиши табиий. Бу борада эса музейларнинг ўрни беқиёс. Чунки улар узоқ ўтмиш мерос бўлиб келаётган маданият, маърифат, табиат ёдгорликларининг яхлит тизимга солинган йиғиндиси бўлиб, амалдаги қонун-қоидага мувофиқ сақланади ва намойиш қилинади.
Дарҳақиқат, музейлар маънавий ва маърифий илм ўчоғи сифатида доим тараққиётда, ривожланиш ва ўзгаришда. Уларни бойитиб бориш, бой меъморий обидаларни келажак авлодларга етказиш, асраб-авайлаш ҳар биримиздан алоҳида масъулият талаб этади.
Музейга амалга оширилган ташриф якунида, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник А.М.Имяминов музей директори, тарих фанлари номзоди, доцент Юлдузхон Рахмоновага миннатдорчилик билдириб, бошқарма шахсий таркиби номидан ташаккурнома ва бадиий китоблар тўпламини топширди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати