11 Июн 2022 йил 515

Хоразм вилояти ИИБ да навбатдаги “Маънавият ва маърифат дарси” унутилмас онларга бой бўлди

Хоразм вилояти ички ишлар органларида “Маънавият ва маърифат дарслари”ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади.

Чунки, ички ишлар органлари ходимларини она-Ватанга ва халқига содиқ, касбига фидойи, мустақил фикрлайдиган, изланувчан, интилувчан, зийрак, ҳушёр ҳамда истиқлол ғояларига садоқатли бўлган маънавиятли ва маърифатли қилиб тарбиялашда айнан “Маънавият ва маърифат дарслари”нинг ўрни беқиёсдир.

Хоразм вилояти ИИБ да 11 июнь куни бўлиб ўтган “Маънавият ва маърифат дарси” ҳам унутилмас онларга бой бўлди десак муболаға бўлмайди. Чунки машғулот аввалида вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник А.Имяминов, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан вилоят ички ишлар бошқармаси маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг маслаҳатчиси лавозими жорий этилганлигини ҳамда ушбу лавозимга ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник А.Р.Тожиев тайинланганлигини шахсий таркиб эътиборига етказиб ўтди.

Шунингдек полковник А.Имяминов жорий йилнинг 10 июнь кунидан 10 июль кунига қадар тизимда “Интизом ойлиги” эълон қилинганлигини ва ушбу ой давомида ҳар бир ходим “Temir intizom va halollik – muvaffaqiyat kaliti” шиорига амал қилган ҳолда ўзи ва бўйсунувидаги ходимларга нисбатан шахсий талабчанликни яна бир карра ошириши лозимлигини таъкидлаб ўтди.   

Шундан кейин Хоразм вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларининг фарзандларига ҳамда хизмат вақтида халок бўлган ходимларнинг ва хизмат вақтида оғир тан жароҳати олган ходимларнинг фарзандларига Ички ишлар Вазирининг буйруғига асосан берилган олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли тавсиянома ва тақдимномалар тантанали равишда топширилди.

Эслатиб ўтамиз мазкур имтиёз ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш йўлида хизмат ўташ ҳаёт учун юқори хатарга эга эканлигини инобатга олган ҳолда ички ишлар органлари ходимлари ва оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида таъсис этилган.

 Шунингдек биринчи ва навбатдаги махсус унвонга лойиқ кўрилган бир гуруҳ ходимларга унвонларнинг тантанали равишда топширилганлиги ҳам “Маънавият ва маърифат дарси”да иштирок этган барча шахсий таркибнинг шижоатини янада оширди десак муболаға бўлмайди.

Урганч шаҳар имоми Х.Кенжаев томонидан “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз” мавзусида ва вилоят ИИБ Терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи майор М.Бозоровнинг “Терроризм ва экстремизмнинг кўринишлари” мавзусида қилган маърузалари ходимларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини мустахкамлаш имконини берди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech